
Ўзбекистон бокс терма жамоаси 2025 йилнинг 2–13 декабрь кунлари Дубайда бўлиб ўтган IBA бокс бўйича жаҳон чемпионатида 2 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритди.
Турнирда 109 та давлатдан 428 нафар боксчи иштирок этди. Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.
Ўзбекистон терма жамоасининг иштироки
Ўзбекистон терма жамоаси турнирни тўққизта медал ва иккита чемпионлик унвони билан якунлади.
Олти нафар ўзбекистонлик боксчи финалда россиялик спортчиларга қарши рингга чиқди, улардан икки нафари — Ҳасанбой Дўсматов ва Асадхўжа Мўйдинхўжаев чемпионликни қўлга киритди.
51 кг вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов россиялик Баир Батлаевни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Олимпия чемпиони жангда ишончли ҳаракат қилиб, жаҳон чемпионатларидаги иккинчи олтин медалини қўлга киритди. «Профессор» шунингдек, «Турнирнинг энг яхши боксчиси» совринига ҳам сазовор бўлди.
67 кг вазн тоифасида Асадхўжа Мўйдинхўжаев россиялик Евгений Коол устидан 5:0 ҳисобида ишончли ғалаба қозонди. Барча ҳакамлар бир овоздан ғалабани ўзбекистонлик спортчига берди.
60 кг вазн тоифасида Олимпия чемпиони Абдумалик Ҳалоков кескин жангда россиялик Всеволод Шумковга 3:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Эпизодлардан бирида россиялик рақибининг қулоғини тишлади, лекин бу эътиборсиз қолди.
80 кг вазн тоифасида Жавоҳир Умматалиев россиялик Жамбулат Бижамовга 0:5 ҳисобида мағлуб бўлди.
92 кг вазн тоифасида Тўрабек Ҳабибуллаев россиялик Муслим Гаджимагомедовга 0:5 ҳисобида ютқазди.
Супер оғир вазнда (+92 кг) Арман Маханов иккинчи раундда россиялик Давид Суровга техник нокаут билан мағлуб бўлди. Ҳакам ўзбекистонлик спортчига уч марта нокдаун санаганидан сўнг, унинг жамоаси жангни давом эттиришдан бош тортиб, рингга сочиқ отди.
Олтин медаллар:
- 51 кг — Ҳасанбой Дўсматов
- 67 кг — Асадхўжа Мўйдинхўжаев
Кумуш медаллар:
- 60 кг — Абдумалик Ҳалоков
- 80 кг — Жавоҳир Умматалиев
- 92 кг — Тўрабек Ҳабибуллаев
- +92 кг — Арман Маханов
Бронза медаллар:
- 54 кг — Асилбек Жалилов
- 57 кг — Хўжаназар Нортожиев
- 75 кг — Фазлиддин Эркинбоев
Турнирда жамоага бош мураббий Тўлқин Қиличев бошчилик қилди. Мураббийлар штабига Хуан Энрике Стейнерс, Раҳматжон Рўзиохунов, Акмал Ҳасанов, Нодир Ғуломов, Даврон Ғафуров, Алимардон Достонов, Шерзод Аҳмаджонов, Ботиржон Маҳмудов ва Ғанижон Юсупов ҳам кирган.
Спортчиларнинг саломатлиги учун Комилжон Расулов ва физиотерапевт Хесус Алберто масъул бўлишди.
Мукофот жамғармаси
2025 йилги IBA жаҳон чемпионати мукофот жамғармаси бўйича рекорд даражага етди — 8,3 млн евро. Индивидуал натижалар учун мукофотлар қуйидагича тақсимланди:
- 1-ўрин — 300 минг доллар
- 2-ўрин — 150 минг доллар
- 3-ўрин — 75 минг доллар
- 5-ўрин — 10 минг доллар
Умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган Россия терма жамоаси жами 2,92 млн доллар мукофот пули олди. Қозоғистон ва Ўзбекистон жамоалари ҳам кўп сонли медаллар туфайли мукофот жамғармасининг асосий бенефициарларидан бири бўлди.
2025 йилги IBA жаҳон чемпионатининг медаллар жадвали
Турнир якунига кўра, жамоалар ўртасида медаллар қуйидагича тақсимланди:
- Россия — 7 та олтин, 5 та кумуш, 1 та бронза
- Қозоғистон — 3 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза
- Ўзбекистон — 2 та олтин, 4 та кумуш, 3 та бронза
- Озарбайжон — 1 та олтин, 2 та бронза
- Қирғизистон — 1 та кумуш, 1 та бронза
- Тожикистон — 1 та кумуш, 1 та бронза
- Беларусь — 1 та кумуш
- Арманистон — 5 та бронза
- Грузия — 2 та бронза
- Испания — 2 та бронза
- Замбия — 2 та бронза
- Куба, Мали, Молдова, Непал, Туркманистон — 1 тадан бронза медали
Россия, шунингдек, финалга энг кўп боксчи олиб чиққан терма жамоалар рўйхатида етакчилик қилди:
- Россия — 12 та финалчи
- Ўзбекистон — 6 та
- Қозоғистон — 4 та
- Озарбайжон, Беларусь, Қирғизистон, Тожикистон — 1 тадан финалчи
Жаҳон чемпионати Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) бошқарувдаги муаммолар, молиялаштиришнинг шаффоф эмаслиги ва ҳакамликдаги қоидабузарликлар туфайли тан олишдан маҳрум қилган IBA ташкилоти шафелигида ўтказилди. ХОҚ билан давом этаётган можаро фонида айнан шу мусобақалар Олимпия тизимидан четда қолишига бир баҳя қолган эди. IBA’га муқобил сифатида 2023 йилда World Boxing тузилмаси ташкил этилди, шундан сўнг ХОҚ боксни расман 2028 йилги Олимпия ўйинлари дастурига киритди.

