Humans давлат органлари ҳаракатлари учун Ўзбекистондан товон пули талаб қилиб, арбитраж ишини бошлади

Ўзбекистонда Humans брендига эгалик қилувчи Сингапурнинг Humans Mobile PTE Ltd. компанияси Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестиция низоларини ҳал қилиш халқаро марказида (ICSID) Ўзбекистонга қарши арбитраж ишини бошлади.

Даъво 30 май куни ARB/25/24 рақами билан рўйхатга олинган ва кўриб чиқилмоқда. Жавобгар сифатида Адлия вазирлигининг Ўзбекистон манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси кўрсатилган.

Даъво аризасини беришга Ўзбекистон ва Сингапур ҳукуматлари ўртасида 2003 йил 15 июлдаги инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги икки томонлама Битимнинг тахминий бузилиши асос бўлган.

Компания ўз ҳуқуқлари Марказий банк ва «Ўзбектелеком» каби бир қатор давлат тузилмалари томонидан бузилганини маълум қилди. Хусусан, гап Maroqand (UPay бренди) тўлов ташкилотига нисбатан амалга оширилган ҳаракатлар ҳақида бормоқда, унинг фаолияти 2024 йил сентябрда Марказий банк қарори билан 6 ойга тўхтатилган эди. Ўшанда регулятор раҳбари Мамаризо Нурмуратов бу қарор фуқаролар маблағларини букмекерлик компаниялари ҳисоб рақамларига ўтказиш ҳолатлари аниқлангани билан боғлиқлигини айтган эди.

Кейинроқ, 2025 йил 26 март куни Банк назорати қўмитаси Maroqandʼнинг айрим операцияларига қўйилган чекловни бекор қилди. Марказий банкнинг хабарномаси 2025 йил 17 апрелда таҳрирланди.

Humans Group бош директори ва асосчиси Владимир Добринин арбитраж жараёни «инвесторларни инсофсиз маъмурчиликдан ҳимоя қилишнинг цивилизациялашган воситаси» сифатида кўриб чиқилаётганини таъкидлади. Даъво суммаси ошкор этилмаган. Шу билан бирга, компания ушбу иш Ўзбекистонда «адолатли ва башорат қилинадиган тартибга солиш тамойилларини мустаҳкамлашга» ёрдам беради деб ҳисоблайди.

«Биз доимо Ўзбекистонга ва унинг фуқароларига ишонганмиз ва ишонишда давом этамиз. Президент томонидан иқтисодиётни модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик эркинликларини кенгайтириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга чин дилдан қойил қоламиз. Биз тушунамизки, ўзгаришлар йўлида унинг эркин бозор яратиш, очиқликни ошириш ва ўсишни тезлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни йўққа чиқарувчи рақиблари ҳам учрайди. Биз Ўзбекистоннинг ҳуқуқ устуворлиги ва амалдорларнинг ўзбошимчаликсиз трансформацияси тарафдоримиз», — дея изоҳ берди Humans Group бош директори ва асосчиси Владимир Добринин, унинг баёноти бир қатор хорижий ОАВлари томонидан келтирилган.

Марказий банк муносабати

Марказий банк матбуот хизмати Humans Mobile PTE LTD 2025 йил 20 май куни халқаро марказга Ўзбекистонга қарши арбитраж жараёнини бошлаш тўғрисида ариза берганини тасдиқлади.

Арбитраж маркази даъвогарнинг аризасини иш юритувига қабул қилди. Ҳозирда иш мазмунан кўриб чиқишга тайёргарлик босқичида. Жараён давом этиши билан қўшимча тафсилотлар тақдим этилади.

“Marokand” АЖ тўлов ташкилотида фуқароларнинг маблағлари қонунчиликда сотиш ва кўрсатиш тақиқланган хизматларга (қимор ўйинлари) йўналтирилганлиги сабабли, 2024 йил 25 сентябрдан бошлаб ушбу ташкилотнинг айрим тўлов операцияларини амалга ошириш 6 ой муддатга чекланган эди. Шунингдек, тўлов ташкилоти фаолиятида аниқланган қонунбузарликларга оид ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган», — дейилади хабарда.

Компания 2024 йил октябрь ойида регуляторнинг ҳаракатлари қонунчиликни бузганлиги, «бозорни адолатли тартибга солиш тамойилларига зид бўлганлиги ва бизнес юритиш учун жиддий тўсиқлар яратганлигини» маълум қилган эди. Humans қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича дастлабки кўрсатма олмаганлигини ва қарор ҳақида ОАВдан билиб олганини хабар қилган.

«Ўзбектелеком»га шикоят

2025 йил Май ойида Humans Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасидан «Ўзбектелеком»га нисбатан монополияга қарши иш очишни сўраган эди. Компания давлат оператори хизматларга «монопол юқори нарх» ўрнатган ва қарздорлик туфайли Humans учун интернет тезлигини пасайтириб, камситувчи шарт-шароитлар яратган деб ҳисоблайди.

Humans таъкидлашича, ўз телекоммуникация инфратузилмасига эга бўлмагани ҳолда, у 2020 йил 22 майдаги келишув асосида «Ўзбектелеком» тармоғидан фойдаланади. 2021 йилдан бери Gn-интерфейс орқали интернет-маълумотларни узатиш учун базавий тарифлар, интернетнинг бозор нархи сезиларли даражада пасайганига қарамай, ўзгармаган.

«Бу иқтисодий мантиққа ва монополияга қарши тартибга солиш нормаларига зиддир», — дейилади компанияда.

Humans 2020 йилдан 2023 йилгача халқаро бозорда 1 ГБ трафик нархи 1,34 доллардан 0,3 долларгача тушганини, халқаро коммутация маркази хизматлари 45%га арзонлашганини, 4G хизматларининг таннархи эса LTE жорий этилиши туфайли сезиларли даражада камайганини кўрсатмоқда. Бироқ «Ўзбектелеком»нинг базавий тарифлари 2021 йил июнь даражасида қолган.

Компания инфратузилма харажатлари таннархнинг 58%га етганини, бу эса бизнес моделини зарарли қилиб, эркин рақобатни бузаётганини маълум қилмоқда.

Humans, шунингдек, «Ўзбектелеком» билан шартномалар бўйича қарздорлик мавжудлигини хабар қилди, бу компания фикрича, монопол юқори нархлар туфайли юзага келган. Вазиятни тартибга солишга уринишга жавобан оператор интернет тезлигини босқичма-босқич пасайтириш, шунингдек, хизматларни тўхтатиш ва судга мурожаат қилиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Рақобат қўмитаси Humans аризасини олганини тасдиқлади ва ҳозирда у кўриб чиқилмоқда. «Ўзбектелеком» компаниясидан таҳририят сўровларига расмий баёнот тайёрланаётгани маълум қилинди.