Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Видео 10/03/2026

Тошкентда хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ЙПХ инспекторининг оиласига уч хонали уй калитлари топширилди (видео)

2026 йил февраль ойи охирида мактаб ўқувчиси бошқарувидаги BMW M4 уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлган Йўл-патруль хизмати инспектори Ҳосилбек Эшназаровнинг хотираси Тошкент шаҳар ИИББда абадийлаштирилди.

Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабар беришича, унинг исми хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган 118 нафар ходим рўйхати жой олган ёдгорлик лавҳасига киритилди.

Маросимда ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов инспекторнинг яқинларига Президент совғаси сифатида уч хонали уй калитларини топширди.

Ҳосилбек Эшназаровга Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги 62-сонли мактабда ҳам ёдгорлик ўрнатилади.

Азиз Тошпўлатов инспекторнинг фидокорона хизмати ҳар бир ходим учун намуна эканини таъкидлади. У марҳумнинг ота-онаси — Бекназар ота ва Дилором опага миннатдорлик билдирди.

Вазир Ҳосилбек Эшназаровнинг оиласи ва фарзандлари доимо давлат раҳбари ҳимоясида бўлишини, касбдошлари эса ҳар қандай вазиятда ёрдамга тайёрлигини қайд этди.

Хусусан, давлат оилани ички ишлар органларининг идоравий муассасаларида бепул тиббий хизмат билан таъминлаш, ота-онасини даволатиш, шунингдек, қизи ва икки ўғлини олий ўқув юртларида ўқитиш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров билан бир йўналишда хизмат қилган ҳамкасбининг айтишича, агар у ўз жони эвазига жиноятчини тўхтатмаганида, ҳодиса анча фожиали оқибатларга олиб келиши мумкин эди, дейилади хабарда.

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Ҳосилбек Эшназаровни вафотидан сўнг «Жасорат» медали билан тақдирлаган эди.