Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 05/03/2026

Президент BMW уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлган ЙҲХХ инспекторини медаль билан тақдирлади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз фармони билан Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патрул хизмати инспектори, кичик сержант Ҳосилбек Бекназар ўғли Эшназаровни вафотидан кейин «Жасорат» медали билан тақдирлади.

ЙҲХХ ходими 2026 йил 25 февраль куни Тошкент марказида хизмат вазифасини бажараётган вақтида BMW M4 автомобилини бошқариб келаётган 16 ёшли мактаб ўқувчиси томонидан уриб юборилган эди. 27 февраль куни у ҳушига келмай вафот этди. Тўқнашув лаҳзаси ҳайдовчининг дўсти — автомобил йўловчиси томонидан камерага муҳрланган. Рулда бўлган йигит — Дониёр Турғунов Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) ва 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан гумонланувчи сифатида жиноят ишига жалб қилинган.

Фармонда қайд этилишича, марҳум инспекторга мукофот «мамлакатимиз ички ишлар органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини сақлаш ва халқимиз осойишталигини таъминлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали амалга ошириш борасидаги катта хизматлари, шунингдек, муқаддас қасамёдига содиқ қолган ҳолда ўз бурчини юксак шараф билан бажаришда кўрсатган мардлик ва фидойилик намунаси, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдаги фаол иштироки учун» берилган.