
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 14 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маҳаллалар ва кўчаларда тозалик талабларига риоя этилмаётганини танқид қилди ва бутун мамлакат бўйлаб тозалик ва тартиб ойлигини эълон қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
«Маҳалланинг тозалиги — бу аҳолининг, «маҳалла еттилиги»нинг ва ҳокимнинг юзи. Шундай бўлса-да, баъзи маҳаллаларда, кўчаларда, қурилишлар атрофида, ариқ ва хиёбонларда тозалик талабларига риоя этилмаяпти, шу сабабли мамлакатда тозалик ва тартиб ойлиги эълон қилинади», — деди давлат раҳбари.
Ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимига шахсан ўзига қарашли кўчаларда, ариқлар бўйида ва хиёбонларда тартибни таъминлаш, шунингдек, уларни доимий равишда тоза тутиш вазифаси юклатилди.
Ободонлаштиришга масъул бўлган ҳоким ўринбосарларига кўчалар, ҳовлилар, кўп қаватли уйлар ва ижтимоий объектлар атрофидаги ҳудудларни тозалаш учун «бугундан бошлаб» туну-кун ишлайдиган бригадаларни шакллантириш топширилди.
Шунингдек, «Тоза ҳудуд» корхоналарининг ихтисослашган машиналари тўлиқ таркибда ишга жалб қилинади.
Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга чиқинди ташлаганлик учун жарима белгилаш ҳуқуқи берилди. Уларга жойларга чиқиб, шаҳар ва туман марказларида кундалик назорат ўрнатиш топширилди.
Президентнинг сўзларига кўра, маҳалла аҳолиси дарахт экиш ва уларга қараш, яшил майдонларни кенгайтиришга ўзлари тайёр. Бироқ биронта ҳоким ёки маҳалла раиси бунинг учун муносиб ер участкаларини ажратиб бермаяпти.
Энди, агар маҳалла «еттилиги» ёки унинг аҳолиси яшил зона яратиш ташаббуси билан чиқса, туман ҳокими 10 сотихгача ер участкасини ажратиб беришга мажбур. Бунда ҳокимлар ва маҳалла «еттилиги» вакилларига бундай ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланилмаслиги учун қатъий жамоатчилик назоратини таъминлаш топширилди. Шавкат Мирзиёев қонунга сўзсиз риоя қилиниши, қоидабузарликлар учун жазо муқаррар бўлишини таъкидлади.
2025 йил июнь ойида Бош прокуратурага ноқонуний равишда бошқа эҳтиёжларга берилган яшил зоналар, спорт ва болалар майдончаларини қайтариш топширилган эди. Ўтказилган ишлар натижасида 4 ой ичида 20 гектар яшил ҳудуд, 107 та спорт ва болалар майдончалари тикланди, дейилади хабарда.
Давлат раҳбари барча йўқотилган объектлар тўлиқ тиклангунга қадар бу ишни давом эттиришни топширди.
Эслатиб ўтамиз, президент топшириғидан сўнг Ўзбекистонда эгаллаб олинган яшил ҳудудлар ва болалар майдончаларини кенг кўламли қайтариш ишлари бошланган. Прокуратура ва бошқа давлат органлари космик суратлар ёрдамида ноқонуний қурилиш ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларини аниқламоқда. Тошкентда юзлаб эҳтимолий қоидабузарликлар қайд этилган.