
2026 йилдан бошлаб 45 та туман ва шаҳар ҳокимликлари тузилмасига тўққизта вазирлик ва идоранинг ҳудудий бўлинмалари ўтказилади. Бу президентнинг 2025 йил 21 октябрдаги ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун ҳокимликлар фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги фармонида назарда тутилган.
Ислоҳотнинг асосий вазифалари қуйидагилар:
- туман ва шаҳар ҳокимликларини аҳоли ва тадбиркорларга комплекс хизматлар кўрсатувчи замонавий тузилмаларга айлантириш;
- маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этиш учун ҳокимликларнинг маъмурий ваколатларини кенгайтириш;
- ҳокимларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун масъулиятини аниқ белгилаш; ҳудудлараро ҳамкорлик ва тажриба алмашишнинг самарали механизмларини жорий этиш.
2026 йил 1 январдан бошлаб эксперимент тариқасида Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг туман ва шаҳар бўлинмалари «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги ҳудудлар» мақомини олган 33 та туман ва шаҳар (рўйхат) ҳамда Сурхондарё вилоятининг барча туман ва шаҳарлари (тўлиқ рўйхат) ҳокимликлари тузилмасига ўтказилади.
Эксперимент даврида ҳокимликлар тузилмасига қуйидаги вазирлик ва идораларнинг бўлинмалари интеграция қилинади:
- Иқтисодиёт ва молия вазирлиги;
- Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;
- Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги;
- Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
- Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги;
- Маданият вазирлиги;
- Оила ва хотин-қизлар қўмитаси;
- Ёшлар ишлари агентлиги.
Дастлаб 8 та идора (Қурилиш бошқармасидан ташқари) киритилиши режалаштирилган эди.
Бу даврда бўлинмалар ўзларининг амалдаги мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини сақлаб қоладилар, туман ва шаҳар ҳокимлари ушбу тузилмаларга тўғридан-тўғри раҳбарлик қилиш ва уларнинг штат жадвалини тасдиқлаш ҳуқуқига эга бўладилар. Ҳокимлар ходимларни мустақил равишда тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, рағбатлантириш ва интизомий жавобгарлик чораларини қўллаш имкониятига эга бўладилар.
Ҳоким ўринбосарлари халқ депутатлари кенгашлари томонидан тасдиқланади ва аниқ ривожланиш ташаббусларини амалга ошириш учун лойиҳа гуруҳларини шакллантириши мумкин.
Эксперимент даврида Сурхондарё вилояти ҳокимлигида ҳоким ўринбосарларининг чекланган сони 6 бирлик, туман ва шаҳар ҳокимликларида эса 4 бирлик этиб белгиланади. Ҳокимлар ўз ўринбосарларининг масъулият йўналишларини ривожланиш режалари ва ҳудуд драйверларини ҳисобга олган ҳолда мустақил белгилайдилар.
Туман ҳокимликларининг штат тузилмаси бир раҳбарга камида 3 нафар ходим нисбатида шакллантирилади.
Ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш учун самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари (КPI) тизими жорий этилади. КРI бажарилганда, ҳудуд драйвер лойиҳалар инфратузилмасини молиялаштиришда 15% га оширилади. Бажарилмаган тақдирда — молиялаштириш қисқартирилади, шунингдек, лавозимга мувофиқлиги масаласи кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2025 йил 8 октябрдаги қарорида 2026 йилда Республика бюджетидан намунавий ҳудудларни ривожлантириш учун қуйидагилар ажратилиши назарда тутилган:
- дастурга киритилган 33 та туман ва шаҳарнинг ҳар бирига 100 млрд сўмдан — 2,3 трлн сўм;
- ўзгартириш учун танлаб олинган 330 та маҳаллага 5 млрд сўмдан — жами 1,7 трлн сўм;
- ҳудудларда иқтисодий ўсишга туртки берувчи драйвер лойиҳаларни амалга оширишга — 2 трлн сўм.
14 та туманга (шаҳарларга) 2026 йилда президентнинг 2025 йил 1 апрелдаги қарорида (ПП-132) аввал назарда тутилган 70 млрд сўмга қўшимча равишда яна 30 млрд сўмдан ажратилади. Бунда мазкур рўйхатга киритилган барча қолган туманларга (шаҳарларга) 100 млрд сўмдан ажратилади.
Стратегик ислоҳотлар агентлигига бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига 2026 йилдан бошлаб ҳар йили ўтказиладиган, навбати билан ҳар бир ҳудудда ўтадиган ва тадбиркорлар ўртасида тажриба алмашиш ва алоқаларни ўрнатиш майдонига айланадиган Ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорлик форумини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
2025 йил июнь ойида президент туман ҳокимларига 100 дан ортиқ қонун ва қарорлар бўйича 500 га яқин функция юклатилганини, аммо уларнинг ярмини ҳам билмаслигини айтган эди. Комплекс ривожланиш учун масъул бўлган идоралар фақат кундалик топшириқларни бажариш билан банд, дея таъкидлаган эди давлат раҳбари, туманларда бошқарув тизимини ўзгартиришни эълон қилиб.

