Ўзбекистонда бўлажак вазирлар ва ҳокимлар учун дастур ишга туширилмоқда

Ўзбекистонда сўнгги етти йил ичида бошқарув кадрлари таркиби сезиларли даражада ёшарди – 40 ёшгача бўлган раҳбарлар улуши 37% дан 65% гача ўсди. Бу ҳақда 2025 йил 30 июнь куни ёшлар билан учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

«Янги Ўзбекистонни қуришда, «давлат халққа хизмат қилади» тамойилини амалга оширишда биз сизлар каби истеъдодли, ташаббускор ва етакчилик қобилиятига эга ўғил-қизларимизга таянамиз. Шу муносабат билан ўтган ойда мен истиқболли кадрларни тайёрлаш ва уларни давлат бошқаруви тизимига жалб қилиш бўйича муҳим фармонни имзоладим», деди давлат раҳбари.

Мазкур ташаббусга кўра, ҳар йили Давлат бошқаруви академиясида «Келажак лидерлари» дастури бўйича 100 нафар иқтидорли ёшлар ўқитилади. Танловдан сўнг улар вазирлар ва ҳокимларга бириктирилади, икки ой давомида улар билан ёнма-ён ишлаб, амалий тажриба тўплайдилар, сўнгра бир ойлик хорижий стажировкадан ўтадилар.

Дастурни тамомлаган ёш мутахассислар раҳбарлик лавозимларига асосий номзод бўладилар, деди Президент.

2025 йил 19 июнь куни Президент давлат хизматига замонавий стандартларни жорий этиш ва иш фаолиятини «натижадорликка йўналтириш» га қаратилган фармонни ҳам имзолади.

2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда 100 нафар истеъдодли менежерлар ва етакчилар, янги авлод раҳбарларини аниқлаш ва саралаш бўйича ихтиёрий «ТОП-100» дастури жорий этилади. Унда нафақат давлат хизматчилари, балки жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар, хориждаги ватандошлар ва бошқа белгиланган мезонларга (билим ва интеллектуал салоҳият, ватанпарварлик ҳисси, ташкилотчилик қобилияти, бошқарув ва етакчилик қобилиятлари) мос келадиган шахслар ҳам иштирок этиши мумкин.

«ТОП-100» дастури ғолиблари Миллий кадрлар резервига киритилади ва республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида, шунингдек, бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун асосий номзод ҳисобланади.

Миллий кадрлар резерви республика ижро этувчи ҳокимият органларидаги раҳбарлик лавозимларига камида 500 нафар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидаги раҳбарлик лавозимларига камида 1000 нафар номзоддан иборат бўлади.

Қўшимча равишда, маҳалладаги икки йиллик фаолияти давомида ижобий натижа кўрсатган 1000 нафар маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, ижтимоий ходимлар ва солиқ инспекторларидан иборат Потенциал кадрлар захираси шакллантирилади. Улар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги тавсиясига асосан танловсиз асосда лавозимга тайинланади.