
Кўп квартирали уйлардаги марказлаштирилган ичимлик сув таъминоти истеъмолчиларига, агар ҳисобга олиш асбоблари ўрнатилган бўлса, дарахт ва буталарни сутканинг исталган вақтида суғоришга рухсат берилади.
Бу ҳақда президентнинг 2026 йил 5 февралдаги кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорида сўз боради.
Ҳужжатда, шунингдек, 2026–2027 йилларда ажратиладиган маблағларнинг (15 баравар миқдорида) камида 10 фоизи кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларга дарахт ва буталар экиш ҳамда уларни суғориш тизими билан таъминлашга йўналтирилиши айтилган.
Кўп квартирали уйларга туташ ҳудуддаги барча дарахт ва буталар бошқарув компаниялари томонидан хатловдан ўтказилиши лозим, улар ҳақидаги маълумотлар эса Mening uyim тизимида акс эттирилиши керак.
Ҳужжатда таъкидланишича, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида уйлар олдига экилган дарахт ва буталарнинг сақланиши учун Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бошқарув компаниялари билан биргаликда масъул ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, бир неча йил давомида яшил майдонларни суғоришга фақат тунги вақтларда — соат 0:00 дан 5:00 гача рухсат берилган эди. Қоидабузарларга нисбатан жарималар қўлланилган. Кўп квартирали уйлар аҳолиси бу тақиқ ҳақида тез-тез салбий фикр билдиришган, чунки суғоришсиз дарахт ва буталар, жумладан, «Яшил макон» дастури доирасида экилганлари ҳам қуриб қолаётган эди.
2025 йилнинг ноябрь ойида Тошкентда ҳаво сифатининг кескин ёмонлашуви фонида баҳор ва ёз фаслларида жисмоний ва юридик шахсларнинг участкаларида дарахтларни ичимлик суви билан суғоришга қўйилган чеклов бекор қилинган эди.
Ўшанда кўп квартирали уйлар яқинида ўсимликларни суғориш учун сув резервуарларини ўрнатиш режалаштирилаётгани ҳақида ҳам хабар берилган эди.