
Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жазо чораларини кучайтиришни талаб қилувчи онлайн петиция ишга туширилди. Муаллифлар мамлакатда ҳайвонларга азоб берувчи шахслар содир этган қилмишига яраша жазо олмаётганига эътибор қаратмоқда.
«Ангрен шаҳрида кўнгиллилар қарамоғида бўлган ҳайвонлар заҳарланган ҳолатлар қайд этилди. [Яқинда Бўстонлиқда] мушуклар шафқатсизларча ўлдирилди. Айбдорлар бор-йўғи 10−15 суткалик маъмурий қамоқ жазосини олди. Бу мавжуд жазо чоралари жиноятларнинг ваҳшийлигига мос эмаслигини яққол кўрсатади», — дейилади петицияда.
«Ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик — бу нафақат маънавий муаммо. Психологик тадқиқотларга кўра, ҳимоясиз мавжудотларга нисбатан зўравонлик кўрсатадиган одамлар кўпинча эмпатияни йўқотади ва жамият учун хавф туғдириши мумкин», — деб таъкидлайди ҳужжат муаллифлари.
Петицияда қуйидагилар талаб қилинади:
- Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун жазони кучайтириш ва бундай ҳолатларни жиноий қонунчилик доирасида кўриб чиқиш;
- Мактабларда, ижтимоий тармоқларда ва ОАВда ҳайвонларга нисбатан ҳурмат ва ғамхўрлик маданиятини шакллантириш бўйича таълим ҳамда тарғибот ишларини олиб бориш.
«Биз, Ўзбекистон фуқаролари, давлат ҳайвонларни ҳимоя қилишини ва болаликдан инсоний муносабатда бўлиш маданиятини шакллантиришини талаб қиламиз», — деб баёнот берган муаллифлар.
Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик 2021 йилда янгиланган эди. Ҳозирда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси ҳайвонларни қийнаш ёки уларга азоб бериш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 3 бараваридан 5 бараваригача жаримани назарда тутади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса ёки вояга етмаган шахс ҳузурида содир этилса, ёхуд ҳайвонларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса, БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосига сабаб бўлади.
Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса, бу жиноят ҳисобланади. Жиноят кодексининг 202−1-моддасига кўра, бу қилмиш БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача (6,75 млн сўмдан 13,5 млн сўмгача) жарима, 240 соатгача жамоат ишлари ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, шунингдек, 6 ойгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун чиқарилган жиноий ҳукмлар ҳали оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмаган. Шунингдек, уларни суд ҳукмлари базасидан ҳам топиш имкони бўлмади.
Бўстонлиқ туманидаги меҳмонхоналардан бирида икки эркакнинг мушукларга нисбатан шафқатсизларча муносабати жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Видеолавҳаларда ҳайвонлар тепилгани, деворга урилгани ва уларга қарата ўқ узилгани акс этган. Видеолардан бирида арқон билан бўйнидан осиб қўйилган мушук ҳаракатсиз ҳолатда экани кўринади. Юқорида таъкидланганидек, суд айбдорларга 10 ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади, бунда эркаклардан бири ҳайвонларга шафқатсиз муносабат учун эмас, балки қуролнинг ноқонуний айланмаси учун судланди.
Ушбу ҳолатга блогерлар, фаоллар ва айрим санъаткорлар, хусусан, хонанда Муниса Ризаева ҳам муносабат билдирди. Улар жазонинг ўта енгиллигидан норозилик изҳор этиб, амалдаги нормаларни қайта кўриб чиқишга чақиришди.
Сўнгги ҳафталарда Тошкент вилоятининг турли туманларида итларнинг оммавий равишда заҳарланаётгани ҳақида ҳам хабарлар келмоқда. Бу давлат органлари вакилларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатларига ўхшаб кўринмоқда.
Қайд этиш жоизки, петицияни яратиш учун Google-формалардан фойдаланилган. Ўзбекистонда онлайн петициялар учун махсус Mening fikrim давлат сервиси мавжуд, бироқ платформа ўз оммавийлигини йўқотган.
Ушбу сервисга тақдим этилган барча петициялар Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти модераторининг экспертизасидан ўтиши керак. Экспертизадан ўтган петиция овоз беришга қўйилади ва уни тегишли давлат органи томонидан кўриб чиқилиши учун 10 минг овоз тўпланиши лозим.
Ҳозирги вақтда платформада янги жамоавий мурожаатлар мавжуд эмас. Кўриб чиқиш жараёнида 2024 йилги битта петиция бор. Охирги марта кўриб чиқилган петиция 2021 йилга тегишли.