
2025 йилда Ўзбекистонда 70 киши ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси) маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Умумий сондан 66 кишига жами 84,25 млн сўм миқдорида жарима солинган, 4 кишига нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Ушбу тоифадаги жиноят ишлари кўриб чиқилмаган.
Умуман олганда, 2020—2024 йилларда 111-модда бўйича 397 киши маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиб, улардан 363 нафари жаримага тортилган, 34 нафари эса қамоққа олинган.
Эслатиб ўтамиз, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик 2021 йилда кучайтирилган эди. Қонунчиликка ўзгартиришларни Бош прокуратура тайёрлаган. Ташаббус билан «Mehr va oqibat» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти чиққан эди.
Ўзгартиришлар кучга киргунга қадар фақат ҳайвоннинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келган шафқатсиз муносабат учун БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача жарима кўзда тутилган эди. Такрорий ҳуқуқбузарлик ёки унинг вояга етмаган шахс ҳузурида содир этилиши учун жарима БҲМнинг 3−5 бараваригача ошарди.
МЖтКнинг 111-моддаси янги таҳририда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларни қийнаш ёки ғаразли ёхуд бошқа паст ниятларда уларга азоб бериш сифатида белгиланган. Бу БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса ёхуд вояга етмаган шахс ҳузурида содир этилса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Қўшимча равишда жиноий жавобгарлик ҳам жорий этилган — Жиноят кодексида 202-1-модда (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) пайдо бўлди. Унга кўра, ҳайвонларни қийнаш ёки уларга ғаразли ёхуд бошқа паст ниятларда азоб бериш, уларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса ҳамда бундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.