Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини энди онлайн тарзда тиклаш мумкин

Йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаш хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) ишга туширилди. Энди бунинг учун Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига ташриф буюриш талаб этилмайди. Бу ҳақда ЯИДХП матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу хизматдан фойдаланиш учун my.gov.uz порталида «Ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш» хизматини танлаш, сўнгра «Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш сабаби» бўлимида «Йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаш»ни кўрсатиш ва ариза юбориш лозим.

Хизмат нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,9 баробари — 370,8 минг сўмни ташкил этади. Ҳужжатни шахсан бориб олиш бепул ёки қўшимча 25 минг сўм эвазига почта орқали етказиб бериш хизматини танлаш мумкин. Расмийлаштириш муддати — 1 иш куни. Почта орқали етказиб берилганда ҳужжат фуқарога 3 иш куни давомида жўнатилади.

Агар фойдаланувчининг тизимдаги маълумотлари тасдиқланмаган бўлса, агар у транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса ёки унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси (транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш) ва 136-моддаси (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлик ҳолатини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши) бўйича маъмурий иш қўзғатилган бўлса, ариза рад этилади.