Тошкентда икки кишининг ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ учун ҳайдовчи 8 йилга озодликдан маҳрум этилди

Тошкентда 2025 йил 31 август куни Cobalt автомобилида икки йўловчининг ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисасини содир этган 27 ёшли ҳайдовчига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Овоза» кўрсатувида хабар берилди.

17 ёшли қиз ва 24 ёшли йигит танишидан уларни манзилга етказиб қўйишни сўраган. Сафар давомида ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, тезликни оширган ва бошқарувни йўқотиб, темир устунга бориб урилган. Йўловчилардан бири воқеа жойида, иккинчиси эса шифохонада вафот этган. «Миллар» дастурида аниқлик киритилишича, ҳайдовчи соатига 80−90 км тезликда ҳаракатланган.

Судда йигитнинг отаси автомобиль қарзларни узиш мақсадида сотиб олинганини маълум қилди: «Қарзлар жуда кўпайиб кетганди. Машина олсам, қарзларни ёпарман деб ўйлагандим. У бор-йўғи 7 соат машина ҳайдаган эди».

Судланувчи муқаддам машина бошқармаган. Суд жараёнида марҳумларнинг яқинлари унга нисбатан даъволари йўқлигини билдириб, енгилроқ жазо тайинлашни сўрашган.

Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг қарори билан судланувчи Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» бандида (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.

Унга 3 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони манзил-колонияда ўташ белгиланди. Бундан ташқари, маҳкумдан фуқаровий даъвогар фойдасига моддий зарарни қоплаш учун 51,1 млн сўм ундирилиши белгиланди.

ИИВ маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-ноябрь ойларида йўл-транспорт ҳодисалари сони камайиб, 8738 тани ташкил этган (2024 йилда 9365 та эди). Январь-сентябрь ойларида 5895 та ЙТҲ қайд этилиб, улар оқибатида 1303 киши ҳалок бўлган, яна 4592 киши жароҳатланган. 2689 та ҳолатда ЙТҲ пиёдалар иштирокида юз берган.