Ўзбекистонда йирик корхоналар ифлосланишни мониторинг қилишга мажбурланди

Атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифадаги саноат корхоналари 2026 йил 1 мартга қадар ўз ҳудудида фон мониторинги станцияларини ўрнатиши ва уларни янги ташкил этилган Миллий экологик мониторинг маркази билан интеграция қилиши керак.

Бу норма президентнинг Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорида мустаҳкамланган.

Агар корхоналар белгиланган муддатда фон мониторинги станцияларини ўрнатмаса ва уларни экомониторинг маркази билан интеграция қилмаса, уларга 5 баробар оширилган компенсация тўловлари қўлланилади.

Юқорида кўрсатилган I ва II тоифадаги корхоналарга, масалан, кимё, нефть-газ, металлургия, тоғ-кон саноати, чарм, асбест ва цемент заводлари, иссиқлик электр станциялари каби йирик ишлаб чиқаришлар киради.

Таъкидлаш жоизки, Тошкентдаги асосий ҳаво ифлосланиш манбаларидан бири ҳисобланган иссиқхоналар табиатга маҳаллий таъсир кўрсатувчи фақат IV тоифага киради. Бу газ, кўмир ва бошқа ёнилғи турларида ишлайдиган иссиқхоналарга тегишли.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 мартдан бошлаб табиатга етказилган зарар учун компенсация тўловларидан озод қилувчи барча қонун ҳужжатлари ва юридик кучга эга кўрсатмалар ўз кучини йўқотади.

Бу санадан бошлаб табиатга етказилган зарар учун компенсациялардан озод қилиш имтиёзлари фақат қонун асосида берилади.