
Тошкентда ҳаво сифати кескин ёмонлашганда аҳолини хабардор қилиш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу президентнинг 2026 йил 25 мартдаги «Тоза ҳаво» лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган. (Бундай амалиётни 2024 йил 1 мартдан жорий этиш мўлжалланган эди.)
Аҳолини огоҳлантириш SMS, оммавий ахборот воситалари ва рақамли платформалар орқали амалга оширилиши тахмин қилинмоқда.
Аҳолини ҳимоя қилиш чоралари сирасига қуйидагилар киради:
- болалар, кексалар ва сурункали касалликларга чалинган шахсларга уйда қолишни тавсия этиш;
- оммавий тадбирларни ва мактабларда очиқ ҳаводаги машғулотларни чеклаш;
- зарурат туғилганда — давлат ташкилотларида иш режимини ўзгартириш ёки масофавий ишга ўтиш.
Бундан ташқари, ҳаво сифати ёмонлашганда энергетика корхоналарида мазут ёқишни чеклаш (ўта паст ҳарорат даврлари бундан мустасно), саноат, энергетика, қурилиш ва транспорт соҳалари ишини вақтинча қисқартириш, шунингдек, чангни бостириш учун фаввораларни ёқиш, кўчалар ва яшил майдонларни суғориш чоралари кўрилиши мумкин.
Ҳаво ифлосланишининг аҳоли саломатлигига, жумладан, нафас олиш ва юрак-қон томир тизими касалликлари ҳамда аллергия билан боғлиқлигига таъсири бўйича илмий тадқиқот ўтказиш режалаштирилган. Заиф гуруҳлар — болалар, кексалар ва ҳомиладор аёллар учун тавсиялар ишлаб чиқилади.
Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ифлосланишини мониторинг қилиш учун 347 та автоматлаштирилган станция ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент томонидан 25 март куни имзоланган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги фармонда айтилган.
Хусусан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун ҳаво сифатини таҳлил қилувчи 5 та мобил лаборатория харид қилинади.
«Ўзбеккосмос» агентлиги яшил майдонлар ҳолати, дарахтларнинг кислород ажратиши, дарахтларни кесиш, ифлослантирувчи моддалар чиқиндилари ва шаҳардаги иссиқлик оролларини кузатиш тизимини яратади. Ифлосланиш даражаси юқори бўлган ҳудудларда чиқиндиларни чеклаш, квоталаш ва рухсат этилган чиқиндилар ҳисобини юритиш тизими жорий этилади.