«Муддатли ҳарбий хизматни ўташ ёшлар учун муваффақият йўлига айланиши керак» — Ўзбекистон президенти

Ўзбекистонда ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизими дунёдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилади. Бу ҳақда 2025 йил 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида президент, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

У армия замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланаётганини, Мудофаа вазирлиги қўшинларида янги тактик усуллар жорий этилганини, ўқув машғулотлари сони ва шиддати 1,5 бараварга оширилганини, учувчисиз учиш аппаратлари бўлинмалари ва мутахассисларни тайёрлаш марказлари ташкил этилганини қайд этди.

Бугунги кунда дунёда турли минтақавий можаролар кенгаймоқда, қуролланиш пойгаси авж олмоқда, умумбашарий қадриятларга, халқаро ҳуқуқ нормаларига ва халқаро дипломатияга бўлган ҳурмат сусаймоқда, деди президент.

«Бир нарсани тушуниш керак: замонавий урушнинг характери тубдан ўзгарди. Фақат танклар, самолётлар ёки аскарлар сонига таяниб ғалаба қозониш мумкин деб ўйлайдиганлар қаттиқ янглишади. Бугунги жанговар ҳаракатлар сунъий интеллект, рақамли бошқарув, узоқ масофадан юқори аниқликдаги зарбалар бериш воситалари, кибер ва робототехнологиялар, шунингдек, сиёсий-иқтисодий босим асосида олиб борилмоқда», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев «тинчлик ва осойишталик энг бебаҳо бойликка айланаётганини бир дақиқа ҳам унутмаслик керак»лигини таъкидлади. Ушбу бойликни сақлаб қолиш учун ҳар бир соҳа ва тармоқ «проактив иш режими»га ўтиши, яъни юзага келиши мумкин бўлган хавф ва таҳдидларга олдиндан муносабат билдириши лозим.

«Ҳарбий таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини модернизация қилиш армиянинг янги қиёфасини шакллантиришнинг асосий шарти эканини унутмаслик керак», — деди президент.

Муддатли ҳарбий хизмат нафақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик, балки ёшларни меҳнат бозорига ва мустақил касбга тайёрлаш босқичи сифатида ҳам ташкил этилиши керак, деди у.

Хусусан, армияда «мутлақо янги тизим» яратилади — хизмат якунига қадар ёшлар камида битта касбни эгаллашлари мумкин бўлади. Ҳарбий қисмларнинг асосий йўналишлари ва мутахассисликларидан келиб чиқиб, ҳарбий хизматчиларни касбга тайёрлаш бўйича 3−6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилади. Дастур якунида ҳарбий хизматчилар малака имтиҳонини топширадилар ва уларга касб тўғрисида сертификат берилади.

Ҳар йили 5000 нафар муддатли ҳарбий хизматчи саралаб олиниб, «Бир миллион дастурчи» ва «Сунъий интеллект соҳасида беш миллион етакчи» дастурлари доирасида ўқитилади.

Муддатли хизматни ўташ даврида ҳарбий хизматчиларга олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини бевосита ўз ҳарбий қисмида топшириш имконияти берилади. Тестлардан муваффақиятли ўтиб, талабалар сафига қабул қилинган ҳарбий хизматчилар муддатли хизматни тугатгандан сўнг ўқишни бошлайдилар.

Шу билан бирга, армиядан қайтган ва олий таълим муассасаларида ўқишни хоҳловчи ёшларга чет тили ва соҳавий фанлар бўйича сертификатлар олиш харажатлари қоплаб берилади. Контракт асосида ўқишга кирган тақдирда фоизсиз таълим кредити тақдим этилади.

Бундан ташқари, армиядан қайтган ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича алоҳида имтиёзлар кўзда тутилган. Хусусан, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган ёшлар учун кредит харажатларининг 6 фоизи давлат томонидан қопланади. Давлат ташкилотларига ишга кирмоқчи бўлган ёшлар учун Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ўтказиладиган тест натижаларига 10 фоизлик имтиёз бериш амалиёти жорий этилади. Хусусий секторда ишлашни режалаштирган ёшларга эса касб эгаллаш ва сертификат олиш харажатлари тўлаб берилади.

«Бир сўз билан айтганда, муддатли ҳарбий хизматни ўташ ёшлар учун муваффақият йўлига айланиши керак», — деб таъкидлади президент.

Шавкат Мирзиёев муҳандислик-техника иши, киберхавфсизлик ва ахборот хуружларига қарши туриш соҳаларида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш муҳимлигини қайд этди. У муҳандислик-техника йўналишининг ҳарбий-илмий базасини мустаҳкамлаш ва ҳарбий технопарклар ташкил этиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Президент, шунингдек, ҳарбийлар учун китобхонлик муҳимлигини таъкидлади. Қуролли Кучлар тизимида ҳарбий академик лицей ўқувчилари, муддатли ҳарбий хизматчилар, курсантлар, сержантлар ва офицерлар ўртасида олий бош қўмондон соврини учун китобхонлик танлови ташкил этилади. Танлов ғолиби ва совриндори бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг хизмат муддати бир ойга қисқартирилади.

Ҳар йили ҳарбий хизматчилар ўртасида кураш, қўл жанги, оғир атлетика каби 10 дан ортиқ анъанавий спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилади. Жорий йилдан бошлаб замонавий спорт турлари — киберспорт, учувчисиз ва робототехнологиялар бўйича ҳам уч босқичли мусобақалар ташкил этилади.

«Минтақавий ва глобал вазиятни доимий таҳлил қилиш, миллий армия салоҳиятини мустаҳкамлаш — бугунги кун талаби. Ўзбекистон армияси ҳар доим ҳаракатчан, юқори технологияли, янги жанговар шароитларга мослашган ва халқни ҳимоя қилишга тайёр бўлиши керак», — деди президент.

У қўшинларни роботлаштирилган мажмуалар ва сунъий интеллектга асосланган учувчисиз тизимлар, енгил ҳарбий техника, замонавий қурол-яроғ ва разведка воситалари билан жиҳозлаш зарурлигини таъкидлади.

Президент устувор вазифалар қаторида мудофаа саноатини ривожлантириш, мудофаа-саноат мажмуаси корхоналарида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этишни қайд этди. Шу муносабат билан масъул шахсларга шахсий маълумотлар ва рақамли тизимларни ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар мажмуини белгилаш топширилди.