Ўзбекистонда ҳарбий хизмат учун тўловлар миқдори оширилади

Ўзбекистон ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида президент, Олий бош қўмондон Шавкат Мирзиёев ҳарбий хизматчиларни ижтимоий таъминлаш бўйича янгиликларни эълон қилди.

«Ҳарбий хизматчилар меҳнатини муносиб баҳолаш, уларнинг оила аъзолари ва ҳарбий пенсионерларнинг ижтимоий ҳимояси доимий равишда эътиборимиз марказида бўлиши керак», — деди президент.

2026 йил 1 апрелдан бошлаб Мудофаа вазирлиги офицерлари учун кўп йиллик хизмати учун бериладиган устама миқдори 2 бараварга оширилади. Контракт бўйича хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг ойлик пул таъминоти 10 фоизга кўтарилади.

Ҳудудий мудофаа ишлари бошқармалари ва бўлимларининг фуқаролик ходимлари иш ҳақи жорий йилда 20 фоизга, келаси йилда эса яна 50 фоизга ошади.

Қуролли Кучлар сафида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбий хизматчилар учун пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ойлик пул таъминоти миқдори 75 фоиздан 100 фоизгача оширилади.

Бундан ташқари, ҳарбий хизматчилар учун уй-жой қурилиши кўлами кенгайтирилади. Масъул шахсларга ҳарбий хизматчиларни пенсия билан таъминлаш тартибини белгиловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва парламентга киритиш топширилди.

Йиғилиш якунида давлат раҳбари оддий аскар ва сержантларни, офицер ва генералларни, фахрийларни, уларнинг оила аъзолари ва яқинларини Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади.

«Сизларнинг жасорат ва матонатингиз, ичган қасамёдингизга содиқлигингиз, Ватан ҳимояси йўлидаги фидойи меҳнатингиз бутун халқимиз учун юксак ибрат намунасидир. Юртимизда ҳамиша тинчлик, осойишталик ва тотувлик ҳукм сурсин, Ватанимиз қудратли ва барқарор бўлсин!» — деди президент.