
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ахрор Бурханов «Газета.uz»га берган изоҳида Афғонистон оммавий ахборот воситаларида мамлакат гўёки Афғонистонга 57 та ҳарбий вертолётни қайтаришга рози бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
«Бу каби хабарлар ҳақиқатга мос келмайди. Ўзбекистоннинг позицияси ўзгаришсиз қолмоқда, тарқатилаётган хабарлар эса fake news (сохта хабарлар — таҳр.)», — деди.
2025 йил 8 сентябрь куни Afghanistan International нашри ўз манбаларига таяниб, «яқин кунларда Ўзбекистон 2021 йилда аввалги режим қулаган пайтда мамлакатдан олиб чиқиб кетилган 57 та ҳарбий вертолётни Афғонистонга қайтариши мумкин», дея хабар берди. Шу билан бирга, шу пайтгача фақат 46 та ҳарбий самолёт ва вертолёт ҳақида гап борган эди.
11 сентябрь куни The Kabul Times нашри Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳулла Мужоҳидга таяниб, Ўзбекистон Афғонистонга 57 та ҳарбий вертолётни қайтаришга рози бўлганини ёзди.
«57 та ҳарбий вертолётнинг топширилиши яқин вақт ичида амалга оширилиши кутилмоқда ва бу Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларини тиклаш ҳамда икки қўшни давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади», — дея нашр Мужоҳиддан иқтибос келтирди.
Масала тарихи
Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий кампания доирасида Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Афғонистон ҳукуматига кўп миқдорда самолёт ва вертолётлар тақдим этган. 2021 йил август ойида «Толибон» Кобулни эгаллаган кунларда Афғонистоннинг 585 нафар қуролли ҳарбий хизматчиси бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт (Embraer EMB 314 Super Tucano, UH-60 Black Hawk, MD-530, PC-12 ва Ми-17) ноқонуний равишда Ўзбекистон ҳаво ҳудудига кириб келган. Ўша йилнинг сентябрь ва ноябрь ойларида учувчилар БААга, сўнгра АҚШга олиб кетилган.
Афғонистон муваққат ҳукумати бир неча бор бу ҳаво кемалари Афғонистон мулки эканини таъкидлаган. Ўзбекистон расмийлари эса самолёт ва вертолётлар АҚШ мулки экани ва уларни қайтариш мумкин эмаслигини билдирган.
2022 йил сентябрь ойида Politico нашри АҚШ расмийлари Афғонистондан олиб келинган ҳарбий самолёт ва вертолётларнинг бир қисмини «чегара хавфсизлиги ва терроризмга қарши кураш соҳасидаги муносабатларни чуқурлаштириш» тадбирлари доирасида Ўзбекистон ва Тожикистонга топшириши мумкинлигини хабар қилган.
2024 йил август ойида АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Хеник авиатехника Ўзбекистонга ўтаётганини маълум қилди ва «бу техника ҳеч қачон Афғонистонники бўлмаган, у Американики бўлган»лигини эслатди. «Улар (Афғонистон армияси — таҳр.) ундан фойдаланган, аммо эгаси доим биз бўлганмиз», — дея таъкидлади дипломат.
Афғонистон Мудофаа вазирлиги авиатехниканинг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан эди.