
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 19 август куни соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга бағишланган тақдимот билан танишиш чоғида касбий ва олий тиббиёт таълимини ривожлантириш масаласини муҳокама қилди.
Тақдим этилган таклифларга кўра, Ҳамширалар академияси Тошкент давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Касбий тиббиёт академиясига айлантирилади.
Буюк Британия ва Германиядан халқаро ҳамкорлар кўмагида NCLEX имтиҳонига асосланган ҳамшираларни тайёрлаш бўйича қўшма ўқув дастурлари, халқаро сертификатлаш тизими ишлаб чиқилади ва жорий этилади. Олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш йўналиши бўйича олий ўқув юртларига қабул квотаси босқичма-босқич оширилади.
Шунингдек, барча ўқув дастурларини халқаро ташкилотлар талабларига мувофиқ аккредитациядан ўтказиш, оилавий тиббиёт бўйича интеграциялашган таълим дастури ва бир йиллик интернатура, билимларни икки босқичли баҳолаш тизимини жорий этиш, талабалар сонига нисбатан ўқитувчилар сонини ошириш таклиф этилди. Талабаларнинг бемор ёнида амалий ўқиш вақти ҳам кўпайтирилади. Тиббиёт ходимларини рўйхатга олиш тизими босқичма-босқич жорий этилади.
«Ўзбекистон 24» телеканали сюжетида қайд этилганидек, мамлакатда олий маълумотли ҳамширалар улуши пастлигича қолмоқда — деярли 400 минг нафар ҳамширанинг атиги 2 фоизи. Яқин йилларда бу кўрсаткични «сезиларли даражада ошириш» режалаштирилган, бу халқаро амалиёт тажрибасига кўра, «ҳамшираларнинг беморлар билан ишлашдаги муҳим ролини ҳисобга олган ҳолда, тиббий ёрдам сифатини оширади».
Тақдимот чоғида президентга Тошкентда Марказий Осиёдаги ягона Неврология ва нейрореабилитация миллий тиббиёт маркази қурилиши ҳақида ҳам эълон қилинди. Лойиҳа Япониянинг JICA агентлиги кўмагида амалга оширилмоқда, у $150 млн кредит ажратди. Дастлабки 5 йил давомида лойиҳани бошқаришда 5 нафар япониялик менежер иштирок этади.

