Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 19/03/2026

Тошкентдаги Ҳамид Олимжон кўчасида жойлашган «Москва осмонўпар бинолари»дан бирида ёнғин чиқди

Душанба куни, 16 март соат 16:30 да Тошкент шаҳар ФВБга Мирзо Улуғбек тумани «Лашкарбеги» маҳалласи Ҳамид Олимжон кўчасида жойлашган кўп қаватли уйдаги хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати маълум қилди.

Қутқарув гуруҳлари воқеа жойига соат 16:38 да етиб келган, ёнғин 16:52 да қуршаб олинган ва 16:59 да батамом ўчирилган. ФВВ берган маълумотга кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

Ҳозирда ёнғин сабаби ва етказилган зарар миқдори аниқланмоқда. Ёнғин тўққизинчи қаватда содир бўлган, ўнинчи қаватнинг балконига ҳам зарар етган.

Аҳолининг сўзларига кўра, бошқарув компанияси директори юқори қаватдан ёнғин гидранти орқали бино фасад қисмига сув сепган — бу биноларнинг ҳар бир қаватида гидрантлар мавжуд. Гувоҳларнинг таъкидлашича, агар бу чоралар кўрилмаганда, олов юқорироққа кўтарилиши мумкин эди. Воқеа жойида муҳокама қилинаётган асосий тахминларга кўра, ёнғин каркас ўрнатиш пайтидаги пайвандлаш ишлари ёки хонадон ичидаги алангаланиш туфайли келиб чиққан бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ҳамид Олимжон майдонидаги 18 қаватли уйларда (халқ тилида «Москва осмонўпар бинолари» деб аталади) 2025 йил октябрь ойидан буён биноларни ойналар билан қопланган кўринишидаги реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Аҳоли аввалроқ бунга норозилик билдириб, биноларнинг оғирлашиши хавфсизликка таъсир қилишидан хавотир билдирган эди. Ҳокимият эса бунга жавобан лойиҳа тўлиқ келишилганини ва юклама сезиларли бўлмаслигини маълум қилган.

Аҳоли судга даъво аризаси киритган, бироқ уларнинг даъвоси рад этилган. Суд ушбу ишларни фасадни таъмирлаш тоифасига киришини ва реконструкция учун рухсатнома талаб этилмаслигини белгилаган. Фуқаролар бу қарор лойиҳа ҳужжатларисиз қурилиш ишларини легаллаштириш учун прецедент яратишидан хавотир билдиришган.