
Қозоғистон Халқ банки (Halyk Bank) Ўзбекистоннинг Click финтех-компанияси акциядорлари билан капиталдаги улушларни ўзаро айирбошлаш бўйича стратегик келишув тузди. Бу ҳақда Қозоғистон банки матбуот хизматида хабар берилди.
Келишув доирасида Halyk Bank Click акцияларининг 49% ни сотиб олади, бунинг эвазига Ўзбекистондаги шўъба тузилмаси – Tenge Bankдаги 49% улушини Click тўлов хизматига сотади.
Келишув шартларига кўра, Halyk Bank Click’даги улуш учун 176,4 миллион доллар тўлайди, Ўзбекистон томони эса Tenge Bankдаги эквивалент улуш учун 60,76 миллион доллар киритади. Шу тариқа, Click компанияси 360 миллион долларга, Tenge Bank эса 124 миллион долларга баҳоланди.
Битим Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг тартибга солувчи органлари томонидан тасдиқланишини талаб қилади.
Томонларнинг фикрича, бу ҳамкорлик ўз мамлакатларидаги икки етакчининг кучли томонларини бирлаштиради. Halyk Bank — активлари 37,5 миллиард доллардан ортиқ, бозор капитализацияси 6,8 миллиард доллар бўлган Марказий Осиёдаги энг йирик молиявий гуруҳдир. Click — Ўзбекистондаги етакчи тўлов ечимлари ва рақамли хизматлар етказиб берувчилардан бири бўлиб, 20 миллиондан ортиқ фойдаланувчига ва 10 миллионга яқин фаол рақамли ҳамёнга эга.
«Бу ҳамкорлик туфайли Halyk ва Click Ўзбекистоннинг тез ривожланаётган рақамли экотизимида ҳамда молиявий ва финтех-хизматлар бозорида ўз мавқеларини мустаҳкамлашни мақсад қилган. Бу стратегик альянс миқёслар, технологик тажриба ва инновациялар ҳисобига йирик ва ўрта корпоратив мижозлар, кичик ва микробизнес, шунингдек, чакана мижозлар учун кенгайтирилган ечимлар ва хизматларни таъминлайди», — дея таъкидлади Halyk Bank.
Click SuperApp стратегиясини ривожлантирмоқда ва суғурта ва тўловлардан тортиб онлайн-харид ва давлат хизматларига киришгача бўлган кенг кўламли хизматларни таклиф этади. 2024 йилда компания даромадини 35,3% га, соф фойдасини эса 37,5% га оширди.
«Халық» тажриба ва технологияларнинг бирлашиши Қозоғистон ва Ўзбекистонда 32 миллиондан ортиқ кишилик кенгайтирилган мижозлар базасига чиқиш имконини беради деб ҳисобламоқда, бу ерда жами аҳоли 58 миллиондан ошади. Минтақада 2,6 миллиондан ортиқ кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорлар мавжуд.
Қозоғистон Халқ банкининг Ўзбекистонга киритган умумий инвестициялари 2025 йил 1 июль ҳолатига 1,5 миллиард долларга баҳоланмоқда ва «бу битимлар гуруҳнинг мамлакатдаги инвестиция стратегиясининг навбатдаги муҳим босқичидир».
Компаниялар мустақил юридик шахс сифатида фаолият юритишда давом этади. Мижозлар олдидаги барча амалдаги мажбуриятлар сақланиб қолади.