Ҳаж зиёратчиси ниқоби остида Ўзбекистонга 205 млн сўмлик қарийб 1800 қути дори воситасини олиб кирмоқчи бўлди

Тошкент аэропортидаги божхона комплекси ходимлари томонидан мамлакатга катта миқдордаги дори воситаларини олиб киришнинг олди олинди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Қўмита маълумотларига кўра, Деҳлидан келган рейслардан бирининг йўловчиси айни вақтда умра зиёратини адо этиб қайтган фуқароларнинг божхона назоратидан ўтмаётганини пайқаб, улар қаторига қўшилишни мўлжаллаган.

Хабарда қайд этилишича, эркак ўзини зиёратчилардан бири сифатида кўрсатиш учун аэропорт ҳожатхонасида кийимини алмаштирган. Аммо бу Божхона қўмитаси ходимларининг назаридан четда қолмаган.

Фуқаронинг багажи кўздан кечирилганда, умумий қиймати қарийб 205 миллион сўм бўлган 1798 қути турли дори воситалари топилди.

Божхона қўмитаси томонидан текширувлар давом эттирилмоқда.