
Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳаж ва умрага зиёратчиларни ноқонуний равишда ташкил этишга уринган туристик компаниялар ва агентларни аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Тошкент шаҳрида туристик фирма ходимлари уч нафар фуқародан ишчи визаси орқали ҳаж сафарини ташкил қилиш учун 7000 доллардан, яна бир кишини эса туристик виза орқали жўнатиш учун 5000 доллар талаб қилишган. Улар жами 26 минг доллар сўрашиб, 20 минг доллар аванс олган вақтида қўлга олинган.
Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида туристик фирма ходими 2400 доллар олаётган вақтида ушланди. У икки нафар фуқарони умрага, яна уч нафарини эса 15 минг доллар эвазига ҳажга жўнатишни ваъда қилган.
Наманган шаҳрида ҳаж сафарини ташкил қилиш ҳақида ижтимоий тармоқларда ёлғон эълонлар жойлаштирган 1999 йилда туғилган фуқаро қўлга олинди. У уч нафар шахсдан 4900 доллардан жами 14 700 доллар олган.
Чуст туманида зиёратчиларни ташкил қилиш учун лицензияси бўлмаган туристик фирма раҳбари уч нафар фуқародан бу хизмат учун 1350 доллардан талаб қилиб, 4000 доллар олаётган вақтида ушланди.
Тошкент шаҳрида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида беш нафар шахсни зиёрат визалари орқали Саудия Арабистонига жўнатишни ваъда қилган 1998 йилда туғилган фуқаро қўлга олинди. У 27 минг доллар талаб қилиб, 13 500 доллар аванс олаётган вақтида ушланди.
Барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ фуқароларга ҳаж ёки умра сафарига боришдан олдин туристик фирманинг Дин ишлари бўйича қўмита томонидан берилган махсус лицензияси мавжудлигини текширишни тавсия қилади.
Мусулмонлар идораси маълумотларига кўра, Ўзбекистондан ҳаж амалини бажариш учун биринчи гуруҳ зиёратчилар 13 май куни Тошкент аэропортидан Саудия Арабистонига учиб кетди. Зиёратчилар учун Мадинага авиарейслар 28 майга қадар ҳар куни тўққизта шаҳардан — Тошкент, Самарқанд, Наманган, Қарши, Термиз, Бухоро, Навоий, Урганч ва Нукусдан амалга оширилади.