Гулшан Алимарданова Ўзбекистонда аёллар кумитэси бўйича биринчи жаҳон чемпиони бўлди

Ўзбекистонлик Гулшан Алимардонова 2025 йил 27 ноябрдан 30 ноябргача Қоҳирада (Миср) бўлиб ўтган каратэ бўйича жаҳон чемпионатида аёллар ўртасидаги 50 кг гача вазн тоифасида кумитэ бўйича жаҳон чемпиони бўлди, дея хабар берди Бутунжаҳон каратэ федерацияси.

Финалда Гулшан Алимардонова малайзиялик Шаҳмаларани Чандранни 6:1 ҳисобида мағлуб этди (жанг видеоси).

Ўзбекистон Спорт вазирлиги бу ғалабани «тарихий ютуқ» деб атади ва ҳамюртимиз ўз спорт турида аёллар ўртасида биринчи жаҳон чемпиони бўлганини қайд этди. Бунгача эркаклар ўртасида ҳамюртимиз Достонбек Отаболаев жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган эди.

Кумитэ — каратэнинг асосий бўлимларидан бири бўлиб, унда икки жангчи тик туриш ҳолатида ҳимоя ва ҳужум усулларидан фойдаланади.

Аввалроқ, спортчи ноябрь ойида Ар-Риёдда бўлиб ўтган Ислом бирдамлиги ўйинларида Эронлик рақибига ютқазиб, кумуш медални қўлга киритган эди. Октябрь ойида Озарбайжонда бўлиб ўтган МДҲ давлатларининг III ўйинларида эса олтин медални қўлга киритган.

Халқаро каратэ федерацияси (WKF) рейтингида 300 дан ортиқ спортчи орасида Гулшан Алимардонова 1737,5 очко билан 15-ўринни эгаллаб турибди.

Спортчи Ўзбекистон ва Хитойдаги қитъа турнирларида иккита олтин медални қўлга киритган. Каратэ ёшлар лигасида Фужайрада бўлиб ўтган «Ёшлар лигаси» мусобақасида битта бронза медали билан 24-ўринда бормоқда. Унинг малайзиялик рақибаси эса 11-ўринда.

Ўзбекистонлик 19 ёшли спортчи бутун фаолияти давомида 37 та жанг ўтказган, ғалабалар фоизи 78,38% ни ташкил этади.

WKF рейтингида биринчи ўринни Қозоғистондан Молдир Жангбирбай эгаллаб турибди. Кучли учликда Жазоир ва Италиядан спортчилар бор.