
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри бозори ҳудудидаги кафеда портлаш содир бўлиб, кейин ёнғин чиққан.
Сешанба куни вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси портлаш 2025 йил 2 декабрь куни соат 10:49 да «Тараққиёт» маҳалласи ҳудудида содир бўлганини маълум қилди.
Ижтимоий тармоқлардаги ёзувларга кўра, портлаш пайтида ошхонада уч киши бўлган ва шундан сўнг бинони олов қоплаган. Kun.uz маълумотларига кўра, газ баллони портлаган.
Жабрланганлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази филиалига етказилган. Дастлабки хабарларда қурбонлар қайд этилмаган эди.
Ёнғин Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан ўчирилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келиши (модданинг айнан қайси қисми эканлиги аниқлаштирилмаган — таҳр.)) билан жиноят иши қўзғатилган, бир киши ҳибсга олинган. Тергов олиб борилмоқда.
ССВ хабари: уч киши вафот этди
2025 йил 3 декабрь куни соат 12:51 да Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазиятни назоратга олганини маълум қилди.
Ҳодиса ҳақида тез ёрдам колл-марказига аввалги кун соат 11:13 да хабар келиб тушган. Бригада воқеа жойига 11:25 да етиб бориб, жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатган.
ССВ маълумотларига кўра:
- 29 киши турли даражадаги куйиш ва жароҳат олган;
- 26 киши касалхонага ётқизилган;
- 3 киши амбулатор ёрдам олган;
- ўта оғир жароҳат олган 3 нафар бемор вафот этган.
Тиббиёт муассасасига қўшимча мутахассислар: комбустиологлар (оғир куйишларни даволашга ихтисослашган жарроҳ шифокор), реаниматологлар, нейрохирурглар, жарроҳлар, травматологлар ва микрохирурглар етиб келган. Улар ёрдам кўрсатишда давом этмоқда.
«Ҳозирда касалхонага ётқизилган бир беморнинг аҳволи ўта оғир, у сунъий нафас бериш аппаратига уланган. Реанимациядаги беш нафар беморнинг аҳволи стабил оғир, улар мустақил нафас олмоқда ва ҳуши жойида. Икки нафар ҳомиладор бемор ҳомиладорлиги сабабли Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий она ва бола саломатлиги марказининг Сирдарё вилояти филиалига ўтказилди. Уларнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда», — дейилади ССВ хабарида.
Қолган 15 нафар касалхонага ётқизилган беморнинг аҳволи ҳам қониқарли бўлиб, улар тегишли бўлимларда даволанмоқда, дейилади хабарда.

