
Американинг Gulf компанияси Ўзбекистонда автоёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини очишни ва авиация соҳасига сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания вице-президенти Крейг Крамер 2026 йил 18 февраль куни Вашингтонда президент Шавкат Мирзиёевнинг Америка бизнеси ва молиявий институтлари вакиллари билан учрашувида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, яқин икки йил ичида компания ғарб стандартларига жавоб берадиган камида 100 та замонавий ва қулай автоёқилғи қуйиш шохобчаларини ишга тушириш ниятида.
«Улар ғарб стандартлари асосида қурилади ва юқори сифатли ёқилғи билан таъминланади. Ушбу даврда биз чакана активларга камида 150 млн доллар инвестиция киритамиз. Молиялаштириш тўлиқ таъминланган. Ҳар бир объект ҳажми ва дизайни бўйича замонавий ва ўзига хос бўлади», — деди у «Ўзбекистон 24» телеканали кўрсатувида.
Бундан ташқари, автомагистраллар бўйида сайёҳлар ва транзит ташувчилар учун транспорт марказларини ташкил этиш режалаштирилган.
«Ушбу лойиҳалар ҳар бир объектда камида 30 та янги иш ўрни яратиш имконини беради. Умумий ҳисобда Ўзбекистон фуқаролари учун 3000 дан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилади», — деди Gulf вакили.
Крамер мамлакат ҳудудларидан инфратузилмани ривожлантириш бўйича таклифлар олганини маълум қилди.
«Ўзбекистоннинг барча вилоят ҳокимларидан мамлакат бўйлаб қарийб 200 та автоёқилғи қуйиш шохобчасини ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар олдим. Бу сизнинг мамлакатингизда ишбилармонлик муҳити очиқлигини ва инвесторларга нисбатан ишонч даражаси юқорилигини яққол кўрсатиб турибди», — деди.
Компания шунингдек, замонавий технологияларни жорий этиш ва авиация йўналишини ривожлантириш ниятида.
«Чакана ва корпоратив мижозлар учун замонавий қулайликлар тақдим этувчи механизмлар ишга туширилади. Чакана савдо билан бир қаторда биз авиация йўналишига ҳам сармоя киритяпмиз. Gulf Aviation орқали авиация секторига қарийб 50 млн доллар инвестиция йўналтирилади», — деб хабар берди Крамер.
Унинг сўзларига кўра, бу Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган авиация соҳасини хавфсиз ва барқарор ёқилғи билан таъминлаш, шунингдек, маҳаллий ва халқаро авиакомпаниялар учун ишончли етказиб бериш тизимини йўлга қўйиш имконини беради.
Gulf компаниясининг Марказий Осиёдаги операцион базасини Тошкентда жойлаштириш режалаштирилган.
«Бу Ўзбекистонни минтақавий логистика ва чакана инфратузилма марказига айлантириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлади», — дея таъкидлади компания вакили.
2025 йил октябрь ойида Gulf Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 100 тагача автоёқилғи қуйиш шохобчасини қуришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди. Энергетика вазирлиги лойиҳа тўлиқ хорижий инвестор томонидан амалга оширилишини, «Ўзбекнефтгаз» эса давлат шериги сифатида иштирок этишини маълум қилган эди.
Шохобчалар учун ёқилғи Республика товар-хомашё биржасидан умумий шартларда сотиб олинади, шунингдек, импорт орқали етказиб берилади.
Аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» мамлакатдаги энг йирик UNG Petro АЁҚШ тармоғига ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводига эгалик қилган. 2023 йил ноябрь ойида иккала актив ҳам собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга тегишли Petroleum Technology Group компаниясига ўтган эди. Кейинчалик тармоқ номи Carvon деб ўзгартирилди.
Gulf Oil — Gulf бренди остида фаолият юритувчи Америка нефть компанияси. 1980–90 йиллардаги қатор битимлардан сўнг Gulf бренди қайта тизимлаштирилди, бироқ лицензия форматида мавжуд бўлишда давом этди. 2023 йил декабрь ойида RaceTrac компанияси АҚШдаги Gulf Oil компаниясини сотиб олишни якунлаб, АЁҚШ тармоқларини бирлаштирди. Ҳозирги вақтда АҚШда Gulf’нинг 1100 дан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчалари мавжуд.