
Шимолий ярим шарда A (H3N2) вирусининг J.2.4.1 деб номланган янги варианти ёки К субклади (тармоғи) шиддат билан тарқалмоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълум қилди.
«Ушбу турдаги вирус илк бор август ойида Австралия ва Янги Зеландияда қайд этилган эди, шундан сўнг у дунёнинг барча минтақаларидаги 30 дан ортиқ мамлакатда аниқланди», — деди ЖССТнинг Эпидемик ва пандемик хавфларни бошқариш департаменти Глобал респиратор хавфлар бўлинмаси раҳбари Вэньцин Чжан.
Экспертнинг таъкидлашича, «мавжуд эпидемиологик маълумотлар касалликнинг оғирлик даражаси ошганини кўрсатмаяпти», гарчи янги вариант, унинг сўзларига кўра, «вирус эволюциясининг сезиларли босқичи» ҳисобланса-да.
Грипп вируслари доимий равишда ўзгариб туради, шу сабабли гриппга қарши вакциналар таркиби мунтазам равишда янгилаб борилади, дея тушунтирди ЖССТ вакили. Янги вариант шимолий ярим шардаги жорий грипп мавсуми учун ишлаб чиқарилган вакциналар таркибига киритилмаган, дея аниқлик киритди у. Шунга қарамай, «дастлабки маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги мавсумий вакциналар ҳамон касалликнинг оғир кечишидан ҳимоя қилади ва касалхонага ётқизилиш хавфини камайтиради», дея қўшимча қилди эксперт.
«Вакцинация, айниқса юқори хавф гуруҳлари ва уларга ғамхўрлик қилувчилар учун «ўзгарувчан» штаммлардан ҳимояланишнинг энг самарали воситаси бўлиб қолмоқда», — дея таъкидлади Чжан.
ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, дунёда ҳар йили бир миллиардга яқин мавсумий грипп ҳолатлари қайд этилади, шу жумладан беш миллионгача оғир респиратор касалликлар кузатилади. Йилига 650 минггача ўлим ҳолатлари мавсумий грипп келтириб чиқарадиган респиратор асоратлар билан боғлиқ.

