
Бир қатор Европа мамлакатлари орол суверенитети атрофидаги ўсиб бораётган кескинлик ва АҚШ президенти Дональд Трампнинг таҳдидлари фонида Дания билан биргаликда ўтказиладиган машғулотлар учун Гренландияга ўз ҳарбий хизматчиларини юборишини эълон қилди, деб хабар бермоқда Politico.
«Арктика хавфсизлиги Қироллик ва бизнинг арктикалик иттифоқчиларимиз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга, шунинг учун иттифоқчилар билан яқин ҳамкорликда минтақада ҳаракат қилиш имкониятларимизни янада мустаҳкамлашимиз муҳим», — деди Дания мудофаа вазири Троэльс Лунд Поульсен.
Унинг сўзларига кўра, Дания арктикалик ва европалик иттифоқчилари билан биргаликда «яқин ҳафталарда Арктикада ҳарбий иштирокни кучайтириш ва машғулотларни кенгайтиришни амалда қандай амалга ошириш мумкинлигини ўрганиб чиқади».
«Бугундан бошлаб Гренландияда ва унинг атрофида ҳарбий иштирок кенгайтирилади», — дейилади Дания Мудофаа вазирлиги баёнотида. Бу «самолётлар, кемалар ва шахсий таркиб, жумладан НАТОга аъзо мамлакатлар вакиллари сонини кўпайтириш» орқали амалга оширилади.
Германия, Швеция, Франция ва Норвегия яқин кунларда Гренландияга ҳарбийларини юборишини тасдиқлади, деб аниқлик киритмоқда CNN. Канада ва Франция ҳам яқин ҳафталарда Гренландия пойтахти Нуук шаҳрида ўз консулликларини очиш режаларини маълум қилди.
Дастлабки босқичда Гренландиядаги Европа ҳарбий контингенти кам сонли бўлади, деб қайд этмоқда Reuters. Германия 13 нафар, Франция 15 нафар, Швеция 3 нафар, Норвегия эса 2 нафар ҳарбий хизматчисини юборади.
Даниянинг Гренландияда ҳарбий иштирокни кенгайтириш ҳақидаги баёноти Дания ва Гренландия ташқи ишлар вазирлари Ларс Лёкке Расмуссен ва Вивиан Мотцфельдтнинг Вашингтонга ташрифи билан бир вақтга тўғри келди. Улар Оқ уйда АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва давлат котиби Марко Рубио билан учрашдилар.
Музокаралар якунида Расмуссен Рубио ва Вэнс билан «очиқ, аммо конструктив муҳокама» ўтказганини қайд этиб, «фундаментал келишмовчиликлар» сақланиб қолаётганини таъкидлади.
Расмуссен, шунингдек, томонлар «олдинга қараб умумий йўл топиш имкониятларини ўрганиш учун юқори даражадаги ишчи гуруҳ тузишга» келишиб олганликларини маълум қилди.
Сўнгги ҳафталарда АҚШ президенти Даниянинг автоном ҳудуди ҳисобланган Гренландияни аннексия қилиш режалари ҳақидаги гапларни яна бошлади.
Дания ва Гренландия ташқи ишлар вазирлари Оқ уйга келишидан бир неча соат олдин Трамп Қўшма Штатларга «миллий хавфсизлик» нуқтаи назаридан Гренландия кераклигини яна бир бор таъкидлади.
Ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида у НАТО Гренландияни АҚШга топшириш «жараёнига бошчилик қилиши кераклигини», акс ҳолда орол устидан назоратни Россия ёки Хитой ўрнатишини даъво қилди.
«Ҳарбий жиҳатдан, Қўшма Штатларнинг улкан қудратисиз (унинг катта қисмини мен биринчи муддатимда яратганман ва ҳозир янада юқори даражага олиб чиқмоқдаман), НАТО самарали куч ёки тийиб турувчи омил бўла олмас эди — ҳатто яқинига ҳам келолмасди!», — деб ёзди.
«Гренландия ҚЎШМА ШТАТЛАР қўлида бўлганида, НАТО анча даҳшатли ва самаралироқ бўлади. Бундан кам бўлган ҳар қандай нарса қабул қилиниши мумкин эмас», — дейилади Трампнинг баёнотида.
Дания ва Гренландия АҚШнинг орол суверенитетини топшириш ҳақидаги ҳар қандай таклифларини қайта-қайта рад этиб келади. «Агар биз ҳозир ва шу ерда АҚШ ва Дания ўртасида танлов қилишимиз керак бўлса, биз Данияни танлаймиз», — деди Гренландия бош вазири Йенс-Фредерик Нильсен 2026 йил 13 январь куни Дания ҳукумати раҳбари Метте Фредериксен билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида.