
Гўзал Эшмирзаева Сурдлимпия ўйинлари тарихида Ўзбекистон учун биринчи олтин медални қўлга киритди, дея хабар бермоқда Карлар спорт федерацияси.
Токиода бўлиб ўтган 25-Сурдлимпия ўйинларида (эшитиш қобилияти бузилган шахслар учун спорт мусобақалари) Эшмирзаева таэквондо бўйича 67 кггача вазн тоифасида «олтин»ни қўлга киритди. Финалда у Жанубий Корея спортчиси Ли Кин Янгни мағлуб этди.
Ўзбекистоннинг яна бир таэквондочиси Мафтуна Абдиюсупова +67 кг вазн тоифасида кумуш медалга сазовор бўлди.
Шу куни эркаклар ўртасидаги учинчи ўрин учун баҳсда ўзбекистонлик Муҳаммад Усмонов Қирғизистон спортчиси Азамат Мавлоновга имкониятни бой берди.
Умуман олганда, 15-26 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Сурдлимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 1 та олтин, 4 та кумуш ва 4 та бронза, жами 9 та медални қўлга киритишди:
- Гўзал Эшмирзаева — олтин
- Мафтуна Абдиюсупова — кумуш
- Дилбар Тожибоева — кумуш
- Шаҳризода Нуриддинова — кумуш
- Хўжаакбар Ҳакимов — кумуш
- Шоҳруз Абдураҳмонов — бронза
- Робия Мираскарова — бронза
- Ўткир Турдалиев — бронза
- Асад Турдибоев ва Робия Мираскарова — бронза (жуфтликда)
Қонунчиликка мувофиқ, ғолиб ва совриндорлар давлатдан пул мукофотларини оладилар: олтин медаль учун 10 минг доллар (тренерга 5000 доллар), «кумуш» учун 5000 доллар (2500 доллар), «бронза» учун 2500 доллар (1500 доллар).
XXV ёзги Сурдлимпия ўйинларининг очилиш маросими 2025 йил 15 ноябрь куни Токиода бўлиб ўтган эди. Мусобақалар 26 ноябргача давом этган. Сурдлимпия ўйинлари Халқаро карлар спорти қўмитаси (ICSD) томонидан эшитиш қобилияти бузилган спортчилар учун ҳар тўрт йилда ўтказилади.

