Тошкентда гўшт ва чорва моллари импортчилари уюшмасини тузиш режалаштирилмоқда

Тошкентда гўшт импортчилари соҳавий уюшма тузишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 1 август куни пойтахт маъмурияти матбуот хизмати хабар берди.

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов 70 дан ортиқ тадбиркор – гўшт ва тирик чорва моллари импортчилари, шунингдек, чорвачилик фермер хўжаликлари вакиллари иштирокида учрашув ўтказди.

Муҳокаманинг асосий мавзуси пойтахт аҳолисини арзон ва сифатли гўшт билан таъминлаш, нархларни барқарорлаштириш ва харидорлар учун қулай шароитлар яратиш бўлди.

Учрашув иштирокчилари асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бирининг нархларини тартибга солиш ва етказиб бериш барқарорлигига тизимли ёндашув зарурлигини таъкидладилар. Шу муносабат билан тадбиркорлар Гўшт ва тирик чорва моллари импортчилари уюшмасини тузиш ташаббуси билан чиқдилар. Ташаббус Тошкент шаҳар ҳокими ва тегишли идоралар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Мулоқот давомида тадбиркорлар логистика, божхона тартиб-қоидалари, солиққа тортиш ва ветеринария назорати билан боғлиқ қатор муаммоларни билдирдилар. Саволларнинг бир қисми жойида ҳал этилди, қолганлари ҳокимлик ва тегишли идоралар назоратига олинди.

Тадбиркорлар нархларни тартибга солиш ва бозорни таъминлашга тизимли ёндашувни йўлга қўйиш имконини берадиган Гўшт ва тирик чорва моллари импортчилари уюшмасини тузишни таклиф қилдилар. Ҳоким ва иштирок этган барча тузилмалар бу ташаббусни қўллаб-қувватлади.

Хокимият Тошкент озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини алоҳида назоратда ушлашга ва пойтахтнинг барча аҳолиси учун озиқ-овқат маҳсулотларини арзонлигини таъминлаш бўйича ишларни давом эттиришга ваъда берди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, июль ойида суякли мол гўшти 2,6% га (бир йилда – 32,8% га), суяксиз мол гўшти – 2,4% га (31,6%), қўй гўшти – 2,2% га (36,2%) қимматлашган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги аввалроқ нархларнинг ўсишига таъсир этувчи учта асосий омилни айтган эди: жаҳонда гўшт ишлаб чиқаришнинг секинлашиши, йирик импортчи давлатларда юқори талаб ва озуқа хомашёси ҳамда транспорт харажатлари нархларининг ўсиши.

Марказий банк буни қўшни мамлакатларда экспорт чекловлари туфайли таклифнинг камайиши ва импорт нархларининг ўсиши билан изоҳлади. Қозоғистон ва Қирғизистон аввалроқ чорва моллари экспортини чеклаган эди, шу билан бирга гўшт импорти рекорд даражада ўсмоқда.

Ўзбекистонда аҳоли жон бошига гўшт истеъмолининг минимал меъёри 42,8 кг ни ташкил этади, бу йилига 1,7-1,8 миллион тонна тирик вазнга тенг. Жорий йилда тахминан 3,2 миллион тонна тирик вазнда гўшт, шу жумладан 1 миллион тонна парранда гўшти ишлаб чиқариш режалаштирилган, деб хабар берди аввалроқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Акрамжон Абдуҳамидов.

Унинг сўзларига кўра, бунинг учун солиқ ва божхона имтиёзлари назарда тутилган. «Чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари учун ҚҚС суммасининг 50% ни ҳар ойлик қайтариш механизми жорий этилди. Наслчилик корхоналари учун 2028 йилгача транспорт воситалари импортига 5% миқдорида божхона божи ставкаси белгиланган», — дея қайд этди.

Унинг қўшимча қилишича, 2028 йилгача бошқа имтиёзлар ҳам амал қилади – фойда, мол-мулк, ер ва сув солиқлари ставкалари 50% га камайтирилган. Шунингдек, имтиёзли молиявий ресурслар ажратилган: Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 50 миллион доллар гўшт ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.