
Ўзбекистонда гўшт нархининг ўсиши ва вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган чоралар 2025 йил 27 июнь куни Олий Мажлис Сенати мажлисида муҳокама қилинди.
Сенатор Икромжон Нажмиддинов 2025 йил февраль ойи охиридан бошлаб аввал Тошкентда, сўнгра мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам инфляция таркибида сезиларли улушни эгаллайдиган гўшт нархининг кескин ўсиши кузатилаётганини эслатди.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2025 йил январь-апрель ойларида қўй гўшти 15,2%га, мол гўшти 14,6%га қимматлашган. Йиллик ҳисобда ўсиш мос равишда 32,3% ва 30,5%ни ташкил этди. Апрель ойида йиллик инфляциянинг умумий даражаси 10,1%га етди, шундан 2,2% пункти гўшт маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келди.
«Гўшт — аҳоли томонидан кенг истеъмол қилинадиган асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бири. Бу ҳолат фуқароларнинг хавотирига сабаб бўлмоқда. Гўшт нархининг кескин ўсиши аҳолининг инфляцион кутилмаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — деди сенатор.
У 2025 йил 3 январь куни президент томонидан чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш тўғрисидаги қарор имзоланганини эслатди. «Савол шундаки, бу қарорни амалга ошириш учун бугун қандай чоралар кўрилмоқда? Йил охиригача ички бозорда гўшт таклифи ўсиб бораётган талабга мос келадими? Нархлар ўсишини жиловлашга муваффақ бўлинадими?» — деб сўради у.
Саволга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Акрамжон Абдуҳамидов жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, аҳоли жон бошига гўшт истеъмолининг минимал меъёри 42,8 кгни ташкил этади, бу йилига 1,7-1,8 млн тоннага тенг.
«Бу йил тахминан 3,2 млн тонна тирик вазнда гўшт, шу жумладан 1 млн тонна парранда гўшти ишлаб чиқариш режалаштирилган», — деди Абдуҳамидов.
Унинг сўзларига кўра, бунинг учун солиқ ва божхона имтиёзлари назарда тутилган. «Чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари учун ҚҚС суммасининг 50%ни ҳар ойлик қайтариш механизми жорий этилган. Наслли корхоналар учун 2028 йилгача транспорт воситаларини импорт қилишда 5% миқдорида божхона божи ставкаси белгиланган», — деди у.
Унинг қўшимча қилишича, 2028 йилгача бошқа имтиёзлар ҳам амал қилади — фойда, мол-мулк, ер ва сув солиқлари ставкалари 50%га пасайтирилади. Шунингдек, имтиёзли молиявий ресурслар ажратилган: Тикланиш ва тараққиёт фондидан 50 млн доллар гўшт ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
2023 йилда мамлакатда 1,8 млн тонна сўйилган вазнда гўшт ишлаб чиқарилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 1,9 млн тоннани ташкил этди. Расмий маълумотларга кўра, маҳсулотнинг тахминан 85% шахсий ёрдамчи хўжаликларда ишлаб чиқарилади.
«Аҳолини гўшт ва парранда ишлаб чиқаришга фаолроқ жалб қилиш учун бу 50 млн доллар кооперация учун имтиёзли кредитларга йўналтирилади», — деб аниқлик киритди Абдуҳамидов.
2025 йил гўшт импорти ўтган йилга нисбатан 1,7 баравар ошган: 2025 йил январь-май ойларида 98,3 минг тонна гўшт, шунингдек 86,6 минг бош йирик шохли қорамол ва 32,3 минг бош қўй ва эчки олиб кирилган.
«Импорт ҳажмини ошириш, ички талабни қондириш ва гўшт таннархини пасайтириш мақсадида ҳозирда Мўғулистонга давлат ташрифи амалга оширилмоқда. Мол етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Йил охиригача президент томонидан белгиланган мақсадли кўрсаткичларни солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда молиявий ресурслар ажратиш ҳисобига бажариш учун барча чоралар кўрилади», — дея хулоса қилди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакили.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси ўринбосари Аброр Акбаров Ўзбекистонда гўшт ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва нархларни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган чоралар ҳақида сўзлаб берди.
«Дарҳақиқат, бутун дунёда иқтисодий тебранишлар кузатилаётган ҳозирги шароитда гўшт нархининг ўсиши кузатилмоқда. Масалан, икки йил олдин Европада наслли йирик шохли қорамолнинг бир боши 2100 евродан сотиб олинган бўлса, ҳозирда у 3500 евродан таклиф қилинмоқда. Бу гўшт ишлаб чиқариш харажатлари — озуқа, электр энергияси, ёнилғи ва бошқа тегишли харажатларнинг ўсиши билан боғлиқ», — деди.
Унинг сўзларига кўра, чорвачилик соҳасида умумий қиймати 5,2 трлн сўм бўлган 1350 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Акбаров Франция мисолида, кооператив ёндашувдан фойдаланган ҳолда, мамлакатнинг 167 та қишлоқ хўжалиги туманида 4 тадан кооператив — жами 668 та кичик гўшт ва сут йўналишидаги кооперативлар ташкил этиш режалаштирилаётганини таъкидлади. «Бу қўшимча 10 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш имконини беради. Наслли хўжаликлар сони 700 тадан 2500 тагача ошади», — деб аниқлик киритди.
Қўмита раиси ўринбосари чорва молларининг аксарияти шахсий томорқа участкаларида боқилаётганини таъкидлади. «Сунъий уруғлантириш ҳисобига молларнинг зотдорлиги яхшиланади, бу эса ҳайвонларнинг маҳсулдорлигини оширади», — дея қўшимча қилди у.
Озуқа базасини мустаҳкамлаш учун 465 минг гектарга яқин озуқа экинлари экилган. Бундан ташқари, Мўғулистондан 7000 бош «Баят» зотли қўй олиб келинди, бу эса ушбу ҳайвонларнинг умумий сонини 15 мингтагача оширди.
«Асосий чорва моллари яйловларда боқилади. Яйловларнинг деградациясини олдини олиш учун халқаро молия институтлари — Осиё тараққиёт банки ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлигидан 50 млн доллар миқдорида маблағлар жалб қилинмоқда. Бу маблағлар ҳисобига янги қудуқлар қайта қурилади ва яратилади, яйловлар тикланади, уруғ тайёрлаш тизими ривожлантирилади. Натижада 2025 йил охиригача 3,2 млн тонна тирик вазнда гўшт ишлаб чиқариш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш режалаштирилган», — деди Аброр Акбаров.
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистонда йил бошидан буён гўшт нархининг жадал ўсиши кузатилмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил март ойида мол гўшти 8,3-8,8%га (йиллик ҳисобда — 18,5%га), қўй гўшти — 9,1%га (йиллик ҳисобда — 19,4%га) қимматлашган. Апрель ойида ўсиш ўртача 1,5%ни, май ойида эса 0,8%ни ташкил этди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги аввалроқ нархлар ўсишига таъсир этувчи учта асосий омилни айтган эди: жаҳонда гўшт ишлаб чиқаришнинг секинлашиши, йирик импортчи мамлакатларда юқори талаб ва озуқа хомашёси ҳамда транспорт харажатлари нархининг ўсиши.
Марказий банк буни қўшни мамлакатларда экспорт чекловлари туфайли таклифнинг камайиши ва импорт нархларининг ўсиши билан изоҳлади. Қозоғистон ва Қирғизистон аввалроқ чорва экспортини чеклаган эди, шу билан бирга гўшт импорти рекорд даражада ўсмоқда.
МДҲ ва дунёда гўшт нархи
Numbeo халқаро хизмати маълумотларига кўра, жорий йил 26 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда бир килограмм мол гўштининг нархи 8,59 АҚШ долларини (тахминан 107 минг сўм) ташкил этади. Қозоғистонда нарх 1 кг учун 7,11 доллар, Қирғизистонда — 7,84 доллар, Тожикистонда — 8,9 доллар.
Арманистонда мол гўштининг ўртача нархи 1 кг учун 12,01 доллар, Россияда — 10,05 доллар, Озарбайжонда — 9,77 доллар, Молдовада — 8,73 доллар, Украинада — 6,78 доллар.
Рейтингда Швейцария етакчилик қилмоқда — у ерда бир килограмм гўшт 49,03 доллар туради. Исландияда — 43,81 доллар, Жанубий Кореяда — 30,06 доллар, Норвегияда — 29,15 доллар, Люксембургда — 24,54 доллар.