
2025 йилнинг ёзида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасида гумонланиб қўлга олинган 5 нафар эркак суд томонидан ҳар бири 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Сурхондарё вилояти Узун тумани жиноят ишлари бўйича судининг ҳукмига кўра, судланувчилар Жиноят кодексининг 223-моддаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш), 246-моддаси (контрабанда) ва 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан айбдор деб топилган.
2025 йил август ойида чегара қўшинлари, ДХХ бошқармаси ва ИИБ ходимлари Узун туманида икки нафар маҳаллий аҳоли вакилини (ҳозирда улар 20 ва 21 ёшда) чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, Тожикистондан 20,37 кг опий ва 41,66 кг гашиш олиб киришга уринган вақтида қўлга олишган.
Кейинчалик жиноятга шерикликда гумон қилинган туманнинг яна 2 нафар яшовчиси (22 ва 26 ёшда) ҳамда буюртмачи деб кўрилган деновлик 26 ёшли фуқаро қўлга олинган.