Ўзбекистон гипс қазиб олиш солиғини камайтиради ва цемент сотиш талабларини юмшатади

Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб қурилиш сектори иштирокчилари учун солиқ ва маъмурий енгилликлар режалаштирилмоқда. Бу президентнинг 2025 йил 4 октябрдаги қарорида кўзда тутилган.

2026 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар ўз эҳтиёжлари учун гипс хом ашёсини қазиб оладиган ва уни тайёр қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун фойдаланадиган корхоналар ер қаъридан фойдаланганлик учун белгиланган ставканинг 50% миқдорида солиқ тўлаши мумкин бўлади.

Бугунги кунда гипс тоши, гипс ва ангидрит, ганч учун солиқ ставкаси 5%ни ташкил этади, бироқ бир кубометр учун 15950 сўмдан кам бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, ҳужжат билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг цементни биржа орқали сотиш нормативларини камайтириш таклифи маъқулланди.

Ишлаб чиқарилган цементнинг камида 50%ни биржа савдолари орқали сотиш талаби 25%га камайтирилади. Бу цемент компаниялари ўз маҳсулотларининг фақат 37,5%ни биржада сотиши, қолган қисмини эса тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиши мумкинлигини англатади.

2024 йилдан бошлаб мамлакатда цемент ишлаб чиқарувчилар учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ миқдори режалаштирилган икки баравар камайтириш ўрнига 4 баравар қисқартирилди. Бу қарор иқтисодий рағбатлантириш сифатида баҳоланди, бироқ бу имтиёзнинг аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитга таъсири кенг муҳокама қилинмади. Ушбу имтиёз ҳисобига уларнинг ихтиёрида 250 миллиард сўм қолди.

2025 йил бошидан буён товар-хом ашё биржасида цемент нархи қарийб 25%га кўтарилди — тоннаси 511,8 минг сўмдан 637,9 минг сўмгача (2025 йил 20 октябрь ҳолатига). Солиштириш учун: 2024 йил 21 октябрда цемент биржада тоннаси 527 минг сўмдан сотилган эди.

Аввалроқ Қозоғистон цемент ва бетон ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси (QazCem) раиси Ербол Ақимбаев Ўзбекистон Қозоғистондан тоннаси 300 доллардан паст нархдаги цемент импортини чеклаганини маълум қилганди, гарчи маҳсулот қиймати 30 долларни ташкил этган бўлса. Шундан сўнг қўшни мамлакатга экспорт 7 йил ичида илк бор нолга тушди.