Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 18/02/2026

«Тинчлик кенгаши» аъзолари Ғазони қайта тиклаш учун 5 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратади — Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан ташкил этилган «Тинчлик кенгаши»га аъзо давлатлар Ғазо секторини қайта тиклаш учун 5 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратиш мажбуриятини олди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди.

«2026 йил 19 февраль куни Вашингтондаги Дональд Трамп номидаги Тинчлик институтида „Тинчлик кенгаши“ аъзолари менга яна қўшиладилар ва у ерда биз аъзо давлатлар Ғазога гуманитар ёрдам кўрсатиш ҳамда уни қайта тиклаш учун 5 МИЛЛИАРД ДОЛЛАРДАН ортиқ маблағ ажратиш мажбуриятини олганини эълон қиламиз», — деб ёзди.

Трампнинг қўшимча қилишича, кенгашга аъзо мамлакатлар, шунингдек, Ғазо аҳолиси учун хавфсизлик ва тинчликни таъминлаш мақсадида Халқаро барқарорлаштириш кучлари ва маҳаллий полиция таркибига минглаб ходимларни юбориш мажбуриятини ҳам олган.

Америка президенти қайси давлатлар қанча миқдорда маблағ ажратишига аниқлик киритмади. У «Тинчлик кенгаши» тарихдаги «энг муҳим халқаро орган»га айланишини ва унга раислик қилиш ўзи учун «катта шараф» эканини таъкидлади.

Дастлаб «Тинчлик кенгаши» 2025 йил октябрь ойида Трамп восичилигида келишилган тинчлик режаси доирасида Ғазо секторини бошқариш учун халқаро орган сифатида ўйланган эди. Кейинчалик кенгаш кенгроқ ваколатларга эга бўлиши ва бутун дунёдаги можароларни ҳал қилиш билан шуғулланиши маълум бўлди.

«Тинчлик кенгаши» устави январь ойида Давосдаги Бутунжаҳон иқтисодий форумида имзоланган эди. Албания, Аргентина, Баҳрайн, Болгария, Венгрия, Вьетнам, Миср, Индонезия, Қозоғистон, Қатар, Косово, Марокаш, Моғулистон, БАА, Покистон, Парагвай, Саудия Арабистони, Туркия ва Ўзбекистон кенгашнинг дастлабки аъзолари бўлди. Имзолаганлар орасида АҚШнинг анъанавий Ғарбий Европа иттифоқчилари йўқ эди.

Уставга кўра, ҳар бир аъзо давлат Кенгаш таркибида аъзо бўлган пайтидан бошлаб кўпи билан уч йил бўлади. Доимий аъзоликни қўлга киритишни истаганлар биринчи йил давомида камида 1 миллиард доллар миқдорида нақд пул кўринишида бадал киритишлари керак бўлади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтонда «Тинчлик кенгаши»нинг биринчи саммитида иштирок этиши кутилмоқда.

2026 йил февраль ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Вашингтонда АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан учрашувда унга Uzbekistan Quarter in Gaza (Ғазодаги Ўзбекистон квартали) альбомини тақдим этган эди. Альбомни вазирнинг Инстаграмдаги учрашувдан олинган суратларидан бирида кўриш мумкин. Ўзбекистон ТИВ альбом тақдимоти ҳақида расман баёнот бермаган.