1 январдан газ ўтказилмаган хусусий уйлар учун электр энергиясига 50% лик чегирма киритиш мўлжалланган

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг “Lolazor” подкастида берган маълумотларига кўра, 2025 йил 1 январдан Ўзбекистонда газ таъминотига уланмаган хусусий уйларда электр энергиясидан 50% чегирма билан фойдаланиш имкониятини яратиш мўлжалланган. Ҳозирда бу лойиҳани амалга ошириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳозирда газга уланмаган кўп қаватли уйлар электр энергиясидан 50% лик чегирма билан фойдаланишмоқда.

Вазирнинг таъкидлашича, энергия тизимини балансда ушлаш учун, тарифларни 10%, 20%, 30% гача кўпайтириш ёки камайтириш бўйича кўрсатмалар олинган. Шу жумладан, электромобилларни белгиланган вақтда қувватлаш учун.

Электр қувватидан фойдаланиш ўтган йилга нисбатан камайганлиги инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон электр қувватини экспортини кўпайтириб, импортини камайтирган. Хусусан, 2024 йилда 2023 йил билан солиштирилганда 800 млн кВт·соат камроқ электр энергияси импорт қилинган.

Ижтимоий норма, яъни ойига 200 кВт бўйича саволга, вазир лимитлар ўзгармаслигини айтган.