Ўзбекистоннинг газ қуйиш шохобчалари 8 январдан яна чекланган график асосида ишлайди

2026 йил 8 январдан Ўзбекистондаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган иш режимига ўтмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Вазирликнинг тушунтиришича, ушбу чоралар магистрал газ қувурларида босимнинг пасайиши билан боғлиқ. Босим пасайган шароитда аҳоли хонадонлари, жамоат транспорти ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолади, дейилади хабарда.

Шу муносабат билан, метан заправкалари фаолияти газ таъминотидаги жорий ҳолат, босим даражаси ва истеъмол ҳажмидан келиб чиқиб, маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган режа-графиклар асосида вақтинча чекланади.

Фарғона водийсида (Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари) метан заправкаларининг иш тартиби ҳокимликлар билан келишилган ҳолда ва газ босимига қараб белгиланади.

Энергетика вазирлиги ушбу чекловлар вақтинчалик хусусиятга эга эканлигини таъкидлади. Хабарга кўра, ҳозирда газ босимини нормаллаштириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

2025 йил 11 декабрь куни вазирлик аҳоли сектори ва ижтимоий соҳа объектларида газ босими пасайишининг олдини олиш мақсадида мамлакатда газ заправкалари фаолияти вақтинча чекланишини маълум қилган эди. Бунга Туркманистон газ транспорти тизимидаги техник носозлик туфайли импорт қилинаётган газ ҳажмининг камайиши сабаб қилиб кўрсатилганди. Сўнгги кунларда АГТКШлар суткасига бир неча соат давомида ишлаётган эди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов авария туфайли 6 миллион кубометр газ танқислиги юзага келганини хабар қилганди. У, шунингдек, ер ости газ омборларидан суткасига 42 миллион кубометргача газ олинаётганини қайд этганди.

30 декабрдан заправкалар яна туну кун ишлаш режимига ўтган эди.

Ўзбекистон Россия ва Туркманистондан газ импорт қилади. 2025 йилнинг 11 ойи давомида мамлакат 1,5 миллиард долларлик импорт газини сотиб олди, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 фоизга кам. Импорт ноябрь ойида кескин ўсиб, 334,3 миллион долларни ташкил этди, бу 2024 йилнинг ноябрь ойидагига нисбатан 1,8 баравар кўп дегани. Ноябрь ойида газ экспорти 55,9 миллион долларни ташкил этди ёки йиллик ҳисобда 5,5 фоизга ошди.