
Ўзбекистон ҳудудларига совуқ ҳаво массалари кириб келиши муносабати билан иситиш мавсуми учун белгиланган 500 куб метр ҳажмдаги газ истеъмолининг базавий меъёри 2026 йил 15 мартга қадар узайтирилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Вазирликнинг аниқлик киритишича, ушбу қарор янгиланган об-ҳаво прогнозларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган ва республиканинг барча ҳудудларига тааллуқлидир.
15 мартдан кейин, зарурат туғилса, ҳақиқий об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб қўшимча чоралар кўрилади, дея қайд этди вазирлик.
Эслатиб ўтамиз, 1 март куни Энергетика вазирлиги дастлаб иситиш мавсумида амал қилган 500 куб метрлик базавий меъёр — 2025 йилдаги каби (ўшанда 1 апрелгача узайтирилган эди) — узайтирилмаслигини маълум қилганди. Кейинроқ вазирлик оширилган лимит Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон учун сақлаб қолинганига аниқлик киритди. Якунда эса оширилган меъёр эндиликда барча ҳудудларга татбиқ этиладиган бўлди.
Маълумот учун, иситиш мавсумидан ташқари вақтда 100 куб метргача истеъмол қилинганда 1000 сўмлик тариф, 101 дан 2500 куб метргача бўлган кўрсаткичда эса 1800 сўмлик тариф қўлланилади.