
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 16 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда ислоҳотларни амалга оширишдаги қолоқликни танқид қилди ва буни ҳукуматдаги масъул шахслар ва вазирлар томонидан интизом устидан назорат йўқлиги билан боғлади.
Суюлтирилган газ етказиб бериш 60-70 кун кечикмоқда. Андижон ва Сурхондарё вилоятларида аҳоли мурожаатларининг 70% шу муаммо билан боғлиқ, деди давлат раҳбари.
«Агар ёзнинг жазирама кунларида газ билан бундай муаммолар бўлса, қишда одамлар қандай овқат тайёрлайди? Раҳбарларга охирги огоҳлантириш: бу муаммо икки ҳафта ичида ҳал қилиниши керак, акс ҳолда улар ўз ўринларини бўшатишсин», — деди президент.
Шунингдек, у бу йил ёзнинг боши салқин келганини, аммо кейинчалик об-ҳаво жуда иссиқ бўлишини, бу эса электр энергияси истеъмолининг ошишига олиб келишини айтди.
Икки ой олдин Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ташкил этилган, бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилган эди, дея эслатди Шавкат Мирзиёев.
У Энергетика вазирлиги ва агентликка, шунингдек, ҳокимликлар ва давлат корхоналарига ойига 500 кВт/соатдан ортиқ электр энергияси истеъмол қиладиган ходимлар оилалари рўйхатини шакллантиришни топширди. Давлат уларга «яшил таъмирлаш» учун кредитлар ажратиш ёки субсидиялар бериш орқали энергия тежовчи технологияларга ўтишга ёрдам беради. Агар керак бўлса, бюджетдан ташқари фонддан қарзлар ажратилиши мумкин.
Бунинг ҳисобига йил охиригача 100 минг хонадонни энергия тежамкор тизимга ўтказиш режалаштирилган, деди президент.
Шавкат Мирзиёев суд қарорларининг ўз вақтида ижро этилмаслик ҳолатлари кўпайганини ҳам қайд этди. 2024 йили Мажбурий ижро бюросига юборилган ҳар бешинчи суд қарори ижро этилмаган.
Давлат раҳбари алоҳида гўшт, сут, парранда гўшти ва тухум нархлари масаласига тўхталди. Нархларни ушлаб туриш ва соҳа корхоналарини «соядан» чиқариш учун ўтган ҳафта ҚҚСнинг ярмини кешбэк шаклида қайтариш тартиби жорий этилди.
Президент кешбэк тўлаш бир кун ҳам кечикмаслиги кераклигини огоҳлантирди.
«Ҳокимларни ҳам огоҳлантираман — янги механизм шарофати билан гўшт, сут, парранда гўшти ва тухум нархлари барқарор бўлиши керак. Ким буни уддалай олмаса, ишдан бўшатилади», — деди Шавкат Мирзиёев.