
АҚШ Президенти Дональд Трамп Гарвард университетида таҳсил олиш, жумладан академик алмашинув дастурларида иштирок этиш учун кириб келаётган хорижлик талабаларга Америка визалари беришни тўхтатиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
«Мен ушбу тоифадаги хорижий фуқароларнинг кириб келиши Қўшма Штатлар манфаатларига зарар етказишини аниқладим, чунки, менимча, Гарварднинг хатти-ҳаракати уни хорижий талабалар ва тадқиқотчилар учун номуносиб жойга айлантирди», — дейилади фармонда.
АҚШ Давлат котибига Гарварднинг амалдаги талабаларидан F, M ва J тоифасидаги талабалик визаларини қайтариб олиш масаласини кўриб чиқиш топширилди.
Ҳужжатда қайд этилишича, бу чоралар «миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш»га қаратилган бўлиб, бу хорижлик талабаларни қабул қилувчи таълим муассасаларидан улар ҳақидаги зарур маълумотларни ҳукуматнинг сўровига биноан тақдим этишни талаб қилади. Гарвард АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигининг сўровларини рад этди ва «фақат уч нафар талабанинг номуносиб хатти-ҳаракатлари ҳақида маълумот берди».
«Гарварднинг ҳаракатлари шуни кўрсатадики, университет ё хорижлик талабаларга нисбатан интизомий қайдларини тўлиқ хабар қилмайди, ёки уларни жиддий назорат қилмайди», — дейилади фармонда.
Фармоннинг амал қилиш муддати 6 ой бўлиб, Бош прокурор ва Ички хавфсизлик вазирининг тавсиясига кўра 90 кунга узайтириш имконияти мавжуд.
Гарвардда улар «ўзларининг хорижлик талабаларини ҳимоя қилишда давом этишларини» билдиришди. «Бу маъмурият томонидан Гарварднинг АҚШ Конституциясининг Биринчи тузатишида мустаҳкамланган ҳуқуқларини бузган ҳолда амалга оширилган яна бир ноқонуний жавоб чорасидир», — деди университет вакили.
New York Times нашрининг қайд этишича, тақиқ қандай амалга оширилиши ҳозирча аниқ эмас. Нашрнинг ёзишича, Трамп фармонда АҚШ Иммиграция ва фуқаролик тўғрисидаги қонунига таянади, бу қонун кўпинча инсон ҳуқуқлари бузилиши ёки коррупция билан боғлиқ хорижий давлатлардан келган одамларни таъқиб қилиш учун ишлатилган.
Гарвард университетининг Трамп маъмурияти билан можароси бир неча ойдан бери давом этмоқда. 2025 йил апрель ўрталарида ҳукумат университет Оқ уй талабларига мувофиқ ўз ўқув сиёсатини ўзгартиришдан бош тортганидан сўнг, олийгоҳнинг 2,2 миллиард доллардан ортиқ грантлари ва шартномаларини музлатиб қўйган эди. Бунга жавобан Гарвард судга даъво аризаси билан мурожаат қилди.
Май ойи охирида Ички хавфсизлик вазирлиги Гарварднинг 2025-2026 ўқув йилида хорижлик талабаларни қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилди ва университетнинг Талабалар ва алмашинув дастурлари (SEVP) сертификатини бекор қилди. Идора ўз қарорини олийгоҳнинг хорижлик талабаларнинг хулқ-атвори тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишдан бош тортгани ва олийгоҳ кампуси ҳудудида «яҳудий талабаларга нисбатан душманона, ҲАМАСга ҳамдардликни тарғиб қилувчи ва DEI («Хилма-хиллик, тенглик, инклюзивлик») сиёсатини илгари сурувчи хавфли муҳитни сақлаб қолгани» билан изоҳлади. Университет судга мурожаат қилди, суд вазирлик қарорини вақтинча блокка олди.
Шунингдек, 2025 йил май ойида АҚШнинг бутун дунёдаги элчихоналари Трамп маъмуриятидан F, M ва J тоифасидаги талабалик визаларини олиш учун янги суҳбатларни тўхтатиб туриш тўғрисида фармойиш олгани маълум бўлди. Бу чора Америка расмийларининг аризачиларнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини текширишни кенгайтириш режалари билан боғлиқ ҳолда жорий этилмоқда.
2024-2025 ўқув йилида Гарвардда 6793 нафар хорижлик талаба таҳсил олган, бу умумий талабалар сонининг 27,2 фоизини ташкил этади. Умуман олганда, Гарварднинг халқаро академик ҳамжамияти 9970 кишидан иборат. Гарвард халқаро офиси статистикасига кўра, 2024-2025 ўқув йилида олийгоҳда Ўзбекистондан саккиз нафар талаба ва тадқиқотчи бўлган.