
Ўзбекистонда давлат мулки бўлган футбол стадионлари ва майдонларининг мақсадли фойдаланишини ўзгартириш ва сотишга тақиқ жорий этилди. Бу президентнинг 2025 йил 21 августдаги қарорида назарда тутилган.
2025 йил охиригача бундай объектлар тўлиқ хатловдан ўтказилади. Унинг асосида 2026 йил июлига қадар стадионлар ва футбол майдончалари ҳақидаги маълумотлар «Миллий электрон футбол платформаси»га киритилади.
Кадастр агентлигига эгаси аниқланмаган стадионлар ва футбол майдончаларининг ер участкалари ва биноларини хатловдан ўтказиш ҳамда уларга бўлган ҳуқуқларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш топширилди.
Ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб мамлакатда «Ҳар бир маҳаллада футбол майдончаси» дастури бошланади. Унинг доирасида давлат мулки бўлган бўш объектлар (ер участкалари) уларнинг бир қисмида футбол майдончаси қуриш ва унинг мақсадини камида 10 йил сақлаб қолиш шарти билан онлайн-аукционларга қўйилади.
Савдо ғолиблари қолган ер участкасидан қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини олади.
Аукционга қўйилган ер участкалари 3 ой ичида сотилмаса, уларнинг бошланғич нархи босқичма-босқич 10%га, лекин 50%дан ошмаган ҳолда пасайтирилади. Бунда тўловни 3 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти кўзда тутилган.
2025 йил ноябрь ойи охиригача давлат футбол майдончалари ва стадионлари бўлмаган маҳаллалар бўш ер участкаларини аниқлаш учун хатловдан ўтказилади. Ушбу ишлар натижалари бўйича аукционларга қўйиладиган ерлар рўйхати шакллантирилади.
Ҳокимлар 2025 йил декабрига қадар маҳаллаларда футбол майдончалари қуриш бўйича манзилли дастурларни тасдиқлаши керак.
2024 йилнинг январь ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги жамоатчилик фикрини ўрганиб чиқиб, «Пахтакор» футбол клубини савдодан чиқариб юборди. Ўшанда блогерлар 24 гектар майдонда жойлашган клуб ва стадионни биргаликда сотмасликни таклиф қилишганди.