Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2026 иштироки учун камида 10,5 млн доллар олади

Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) кенгаши 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этадиган терма жамоалар учун молиявий тўловларни тасдиқлади. Бу ҳақда ФИФА хабар берди.

Қарор ташкилот кенгашининг Доҳа (Қатар) шаҳрида бўлиб ўтган Қитъалараро кубок финали арафасидаги йиғилишида қабул қилинди.

Бўлажак жаҳон чемпионатига рекорд даражадаги 727 млн доллар маблағ йўналтирилади. Бу 2022 йилги Қатардаги турнир мукофот жамғармасидан қарийб 50 фоизга кўп. Тўловлар турнир иштирокчиси бўлган миллий футбол ассоциациялари ўртасида тақсимланади.

Умумий сумманинг 655 млн доллари спорт натижалари учун мукофот пули сифатида кўзда тутилган:

  • чемпион — 50 млн доллар;
  • финалчи (2-ўрин) — 33 млн доллар;
  • 3-ўрин (учинчи ўрин учун баҳсдаги ғалаба) — 29 млн доллар;
  • 4-ўрин (учинчи ўрин учун баҳсдаги мағлубият) — 27 млн доллар;
  • 5−8-ўринлар (1/4 финалда чиқиб кетганлар) — 19 млн доллардан;
  • 9−16-ўринлар (1/8 финалда чиқиб кетганлар) — 15 млн доллардан;
  • 17−32-ўринлар (1/16 финалда чиқиб кетганлар) — 11 млн доллардан;
  • 33−48-ўринлар (гуруҳ босқичидан чиқа олмаганлар) — 9 млн доллардан.

Бундан ташқари, саралашдан ўтган ҳар бир терма жамоа турнирга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 1,5 млн доллардан олади. Шу тариқа, ҳар бир жамоа учун кафолатланган минимал тўлов 10,5 млн долларни ташкил этади.

ФИФА президенти Жанни Инфантино 2026 йилги жаҳон чемпионати «глобал футбол ҳамжамиятига молиявий ҳисса қўшиш нуқтаи назаридан ҳам туб бурилиш» бўлишини таъкидлади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор АҚШ, Канада ва Мексикада 2026 йил 11 июндан 19 июлгача бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этади. Миллий жамоа «K» гуруҳидан жой олган бўлиб, у ерда Колумбия, Португалия ҳамда Ямайка, Янги Каледония ва Конго ДР ўртасидаги ўтиш ўйинлари ғолибига қарши гуруҳ босқичининг учта ўйинини ўтказади.

1/16 финалга нафақат ҳар бир гуруҳдан энг яхши иккита жамоа, балки учинчи ўринни эгаллаган 8 та терма жамоа ҳам йўл олади.