
2026 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда футбол ўйинларига чипталар фақат шахсни тасдиқловчи махсус онлайн ахборот тизими орқали QR-кодлардан фойдаланган ҳолда сотилади. Бу ҳақда президентнинг 2025 йил 21 августдаги қарорида назарда тутилган.
Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ва Рақамли технологиялар вазирлигига 2025 йил декабрига қадар тизимнинг техник ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, 2026 йил февралига қадар эса уни зарур ресурслар билан интеграциялашни якунлаш топширилди.
2025 йил ноябрига қадар ФИФА талабларига мувофиқ, шартномалар асосида Миллий футбол маркази ва профессионал клублар стадионларида тезлиги 150 Мб/с бўлган VPN-каналлар яратилади. Футбол ассоциациясининг сўровига кўра, улар мусобақалар ва бошқа тадбирлар бошланишидан бир кун олдин уланади ва улар тугагунга қадар ишлайди.
Шунингдек, футбол академиялари, мактаблар, секциялар ва спорт мактаблари стадионларида ўтказиладиган машғулотларни онлайн назорат қилиш учун алоҳида республика VPN-каналлар тармоғини яратиш ҳам назарда тутилган.
2025 йил охирига қадар Суперлига, Пролига ва Ўзбекистон кубоги ўйинлари ўтказиладиган стадионлар оптик толали алоқа линиялари (асосий ва захира) ва уларни футбол ҳакамлари маркази билан боғловчи зарур ускуналар билан таъминланади. 2026 йил мартига қадар бу ареналар VAR тизими ва тегишли қурилмалар билан жиҳозланади.
Эслатиб ўтамиз, июль ойида кўплаб мухлислар 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнири учинчи босқичининг ҳал қилувчи ўйини учун чипта сотиб олиш мақсадида стадион яқинида тунаб қолган эди. Ўшанда чипталар фақат «Бунёдкор», «Пахтакор» ва Humo Arena кассалари орқали сотилган эди.
2022 йил июнь ойида Тошкентдаги «Бунёдкор» стадиони яқинида юзлаб мухлислар U-23 Осиё кубоги финал ўйинига чипта сотиб олишга ҳаракат қилишган. Одамларнинг тўпланиши тартибсизликларга олиб келган эди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари оломонни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газдан фойдалангани ҳақида хабар берилган, бироқ Миллий гвардия махсус воситалар ва куч ишлатилганини рад этган.