Президент фуқароларнинг даромадлари ва активларидан «эркин ва хавфсиз» фойдаланиши учун шароит яратиш бўйича топшириқ берди

Ўзбекистондаги фуқароларнинг бир қисмида ўз маблағлари ва активларидан қонуний фойдаланиш билан боғлиқ хавотирлар ҳамон сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва халққа йўллаган Мурожаатномасида Президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

«Айрим ватандошларимизда ишлаб топган даромадларини иқтисодиётга йўналтириш, маблағларини банк депозитларига жойлаштириш ва активларини ўз номига расмийлаштириш билан боғлиқ хавотирлар сақланиб қолмоқда», — деди у.

Шу муносабат билан давлат раҳбари институционал даражада тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқишни таклиф қилди.

«Ўйлайманки, депутатлар ва Марказий банк халқаро ташкилотлар билан биргаликда фуқароларнинг ҳам мамлакат ичида, ҳам хорижда орттирган даромадлари ва активларидан эркин ва хавфсиз фойдаланиши учун шароит яратадиган чора-тадбирларни тайёрлашлари лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.

У бундай қарорлар қабул қилиш вақти келганини таъкидлади.

Ушбу баёнот яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича келгуси чора-тадбирлар муҳокамаси доирасида янгради.

«2026 йилда яширин иқтисодиётни қисқартириш борасида ҳам туб бурилиш ясаймиз — биз бу ҳақда кўп гапиряпмиз, чунки у иқтисодиёт барқарорлиги учун жиддий тўсиқдир», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, кўрилган чоралар натижасида кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 45−50 фоиздан 28 фоизгача қисқарди, бироқ бу фақат дастлабки босқич.

Бу йўналишдаги ишларни кучайтириш учун алоҳида дастурий ҳужжат қабул қилинган. 2026 йилдан бошлаб мамлакатда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни қўллаш кенгайтирилади.

«Барча давлат хизматлари ва коммунал тўловлар, ёқилғи, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ операциялар, автомобиль ва кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар нақд пулсиз шаклга ўтказилади», — деди ва бу масала депутатлар ҳамда сенаторлар билан муҳокама қилинганини таъкидлади.

Бундан ташқари, 17 турдаги текширувларни — солиқ, божхона, санитария-эпидемиология, стандартлар, карантин, қурилиш назорати, ёнғин хавфсизлиги ва бошқаларни ўтказишда бодикамералардан фойдаланиш мажбурий бўлади.

Президент, шунингдек, яширин иқтисодиётдан ихтиёрий равишда чиқишга қарор қилган тадбиркорлар қўллаб-қувватланишини қайд этди.

«Яширин иқтисодиётдан чиқиб, шаффоф ишлашга ихтиёрий қарор қилган тадбиркорларга бухгалтерия ҳисобини юритиш, статистик ва солиқ ҳисоботларини топшириш бепул ўргатилади», — деди.

Умуман олганда, Мирзиёевнинг сўзларига кўра, келгуси беш йилда яширин иқтисодиёт улушини икки баробарга қисқартириш, истиқболда эса уни яна икки баробарга камайтириш режалаштирилган. Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд пулсиз тўловлар улуши 75 фоиздан ошиши, расмий секторда банд бўлганлар сони эса 8 миллиондан 14 миллион кишигача ўсиши керак.

«Бир сўз билан айтганда, «ҳалол меҳнат — хотиржам ҳаёт — фаровон жамият» шиори остида биз бу ишларни умуммиллий ҳаракатга айлантирамиз», — деди Президент.