Франция Фаластин давлатини тан олишга қарор қилди

Франция президенти Эммануэль Макроннинг таъкидлашича, унинг мамлакати сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида Фаластинни мустақил давлат сифатида расман тан олади. Франция БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатлар орасида ва «Катта еттилик» (G7) мамлакатлари орасида бундай қарорни қабул қилган биринчи давлат бўлади.

«Яқин Шарқда адолатли ва барқарор тинчликни таъминлаш бўйича тарихий мажбуриятига содиқ қолган ҳолда, мен Франция томонидан Фаластин Давлатини тан олиш тўғрисида қарор қабул қилдим. Мен бу ҳақда жорий йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида тантанали равишда эълон қиламан», — деб ёзди Макрон Х ижтимоий тармоғида Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббосга йўллаган мактубини илова қилган ҳолда.

«Зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, барча гаровга олинганларни озод қилиш ва Ғазо аҳолисига улкан гуманитар ёрдам кўрсатиш зарур. Шунингдек, ҲАМАСни қуролсизлантиришни кафолатлаш, хавфсизликни таъминлаш ва Ғазони қайта тиклаш керак», — дея қўшимча қилди Франция президенти.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Франциянинг қарорини қоралаб, бу қадам 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС ҳужумидан кейин «террор учун мукофот» бўлишини айтди.

«Бу шароитларда Фаластин давлати Исроилни йўқ қилиш учун плацдармга айланади, у билан тинч-тотув яшаш учун эмас. Фаластинликлар Исроил билан ёнма-ён давлат тузишга интилмайди, улар Исроил ўрнига давлат тузишга интилади», — дейилади Нетаньяху баёнотида.

АҚШ ҳам бу қарорни қоралади. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Вашингтон Макроннинг Фаластин давлатини тан олиш режасини рад этишини билдирди.

«Бу бепарво қарор фақат ҲАМАС тарғиботига хизмат қилади ва тинчлик жараёнини бузади. Бу 7 октябрь қурбонларига шапалоқдир», — деб ёзди Рубио.

Бугунги кунга қадар БМТга аъзо 193 давлатдан 140 дан ортиғи Фаластин давлатини тан олган. Улар орасида Хитой, БАА, Россия, бир нечта Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари бор.

Исроил 2023 йил октябрь ойидан буён Ғазода уруш олиб бормоқда. Бу уруш Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳининг ҳужумидан сўнг бошланган бўлиб, унда камида 1200 исроиллик ҳалок бўлган, яна 200 га яқин киши гаровга олинган эди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, Ғазодаги уруш давомида 55 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Ўтган ҳафта «Чегара билмас шифокорлар» ва Save The Children каби 100 дан ортиқ гуманитар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ғазода «оммавий очлик» тарқалаётгани ҳақида огоҳлантирган эди.