FIA Ўзбекистонда Формула-1 мусобақаларини ўтказиш ниятида

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 9 декабрь куни Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) президенти Муҳаммад бин Сулайем бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Делегация таркибига FIA Сенати президенти Кармело Санс де Баррос ва федерация президентининг автомобиль мобиллиги ва туризм масалалари бўйича ўринбосари Тим Ширман ҳам кирган.

Учрашувда автоспортни тартибга солувчи ва йўл ҳаракати хавфсизлигини тарғиб этувчи ташкилот билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистонда карттингдан тортиб формула туридаги пойгаларгача бўлган бутун автоспорт спектрини ривожлантириш мавзусига тўхталиб ўтдилар. Муҳокама қилинган масалалар орасида федерациянинг FIA университети имкониятларини жалб қилган ҳолда ўзбекистонлик пилотлар, картингчилар, муҳандислар, конструкторлар ва механикларни тайёрлашга кўмаклашиш, Ўзбекистонда замонавий автоспорт инфратузилмасини яратиш, одамлар ва транспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш дастурларини амалга ошириш, шунингдек, Формула-1 босқичларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, FIA шафелигида халқаро мусобақаларни ўтказиш масалалари бор эди.

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев «Халқаро автоспорт федерацияси билан ҳамкорликни ривожлантиришга, шунингдек, Ўзбекистонда автоспортни халқаро стандартларга мувофиқ оммалаштиришга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун» FIA раҳбарига «Дўстлик» орденини топширди.

FIA раҳбари Муҳаммад бин Сулайем «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Ўзбекистонда нуфузли автоспорт мусобақалари ўтказилишини таъкидлади.

«Олимпия шаҳарчаси мени ҳайратда қолдирди. Давлатингиз раҳбари барча спортчиларни бир жойга тўплаб, улар учун энг яхши шароитларни яратган. Мен бу ерда нуфузли автоспорт мусобақалари ўтказилишига ваъда бераман. Биз бу ерга ёшларни олиб келамиз ва мусобақалар ташкил қиламиз. Бу фақат Ўзбекистон учун эмас, балки йирик халқаро миқёсдаги тадбирлар бўлади», — дея урғулади.

Ўзбекистон 2019 йилдан буён федерациянинг фаол аъзоси ҳисобланади. Ўтган йили Самарқандда FIA’нинг 120 йиллигига бағишланган навбатдан ташқари юбилей Бош Ассамблеяси бўлиб ўтган эди.

2025 йилнинг 12 декабрь куни «Ҳумо Арена» мажмуасида юқори мартабали хорижий меҳмонлар ва чемпион-пилотлар иштирокида энг яхши спортчи ва жамоаларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.