Фирибгарлар томонидан уларнинг номига расмийлаштирилган микроқарзларни тўлашдан ўзбекистонликларни озод қилиш режалаштирилмоқда

2025 йил 3 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда кибержиноятчиликка қарши курашиш масаласи муҳокама қилинди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 31 миллиондан ортиқ фуқаро интернетдан фойдаланади. Сўнгги 5 йилда кибержиноятлар сони 68 баробар ошган, фақатгина жорий йилда 46 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган. Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 1,2 трлн сўмдан ошган.

Йиғилишда шахсий маълумотлар ва электрон имзолар билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари кескин ошгани, банк карталари билан боғлиқ киберфирибгарлик энг кенг тарқалган схемалардан бири бўлиб қолаётгани айтилди.

«Бунда шахсий маълумотларни ҳимоя қилишнинг ишончли механизмлари мавжуд эмас, айрим тадбиркорлик субъектлари мижозлар маълумотларини очиқ базаларда сақламоқда. Давлат хизматлари соҳасида биометрик идентификация ва электрон имзолардан фойдаланишда киберхавфсизлик чоралари етарли эмас», — дея таъкидланди йиғилишда.

Шунингдек, банк тизимида киберҳужумларнинг олдини олиш ва шубҳали молиявий операцияларни аниқлаш чоралари самарадорлиги етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан Президент соҳанинг ҳуқуқий, технологик ва методологик базасини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.

У алоҳида шахсий маълумотлар билан ишлашда киберхавфсизлик бўйича мажбурий талабларни жорий этиш, бундай маълумотлар билан ишловчи операторлар реестрини яратиш ва улардан ноқонуний фойдаланиш учун жавобгарликни кучайтириш муҳимлигини қайд этди.

Онлайн микроқарзларни беришда замонавий ҳимоя тизимларини жорий этиш, фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг хабардорлигисиз расмийлаштирилган микроқарзлар бўйича мажбуриятлардан озод қилишни назарда тутиш ва шубҳали банк ҳисобварақларини кеча-кундуз блоклашни таъминлаш таклиф этилди.

Янги турдаги кибержиноятлар — смарт қурилмаларга ҳужумлар ва криптоактивларни ноқонуний эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

Президент таклифларни маъқуллади ва Ички ишлар вазирлигининг Киберхавфсизлик маркази салоҳиятини ошириш, кибержиноятларга қарши кураш самарадорлигини кучайтириш, шунингдек, кибержиноятларни тезкор фош этиш учун 7 та янги турдаги экспертизани жорий этиш бўйича топшириқлар берди.