
Ўзбекистонда фирибгарлик қурбони бўлган фуқаролардан онлайн-кредитларни ундириш тўхтатилади, деб хабар берди Адлия вазирлиги.
Масофавий молиявий хизматларни кўрсатишда ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда фроднинг олдини олиш бўйича минимал талаблар тўғрисидаги тегишли низом 2026 йил 21 январь куни Адлия вазирлиги ва Марказий банк томонидан рўйхатдан ўтказилди. Ҳужжат уч ойдан кейин кучга киради.
Фрод (инглизча fraud — фирибгарлик) — бу алдаш ва ўзганинг маблағлари ёки ресурсларини ўзлаштириш мақсадида содир этилган ҳар қандай ноқонуний ҳаракатлар бўлиб, улар кўпинча ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Ҳужжатга кўра, агар онлайн-кредит фрод натижасида расмийлаштирилган бўлса ва фуқаро суриштирувчи, терговчи, прокурор қарори ёки суд ажрими асосида жабрланувчи деб топилса, кредит ташкилотлари фоизлар (пенялар, жарималар) ҳисоблашни ва кредит бўйича ундирувни тўхтатиши шарт.
Агар онлайн-кредит (микроқарз) суммалари ва у билан боғлиқ бошқа тўловлар жабрланувчидан ундириб бўлинган бўлса, ушбу маблағлар кредит ташкилоти томонидан суд қарори асосида 15 кун ичида жабрланувчининг банк картасига ёки у кўрсатган ҳисобвараққа қайтарилиши лозим.
Шу билан бирга, кредит ташкилоти онлайн-кредитни расмийлаштиришда фирибгарлик содир этган шахсдан регресс тартибида етказилган моддий зарарни ундириб олиш ҳуқуқига эга. Фрод гумони пайдо бўлган тақдирда, банк ёки тўлов ташкилоти ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
Агар суриштирув, дастлабки тергов якунлари ёки суд қарори билан фрод факти тасдиқланмаса, кредит ташкилоти онлайн-кредит бўйича фоизлар ҳисоблашни ва қарздорликни ундиришни тиклайди.
2025 йил ноябрь ойида президент ҳузурида ўтган йиғилишда Ўзбекистонда 31 миллиондан ортиқ фуқаро интернетдан фойдаланиши ҳақида хабар берилган эди. Сўнгги 5 йил ичида кибержиноятлар сони 68 бараварга ошган, фақат ўтган йилнинг 10 ойи давомида 46 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган. Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 1,2 трлн сўмдан ошган.
Давлат раҳбари ўшанда фуқароларни уларнинг хабарисиз фирибгарлик йўли билан расмийлаштирилган микроқарзлар бўйича мажбуриятлардан озод қилиш топшириғини берган эди. Бундан ташқари, шубҳали банк ҳисобварақларини туну кун блоклаш таъминланади.