Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Спорт 22/01/2026

Футбол: Ўзбекистон ФИФА рейтингида икки поғонага пастлади

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Халқаро футбол федерациясининг (ФИФА) 2026 йил январь ойидаги рейтингида икки поғонага пастлаб, 52-ўринни эгаллади. Айни пайтда миллий жамоа ҳисобида 1462,03 балл мавжуд (аввалги натижага нисбатан ўзгаришсиз қолган).

2025 йил 19 ноябрдан буён ФИФА рейтингида асосан Африка Миллатлар Кубогида (AFCON) иштирок этган терма жамоалар очко жамғаришди. Бошқа кўплаб миллий терма жамоалар, жумладан, Ўзбекистон терма жамоаси ҳам ушбу даврда рейтингга таъсир қилувчи расмий учрашувлар ўтказмади.

AFCON финалига қадар етиб борган Марокаш терма жамоаси дунёнинг энг кучли ўнта жамоаси қаторига кўтарилди. Рейтинг етакчилари сифатида Испания, Аргентина ва Франция терма жамоалари қолмоқда. Шунингдек, кучли ўнталикдан Англия, Бразилия, Португалия, Нидерландия, Марокаш (+3 поғона), Бельгия (-1) ва Германия (-1) жой олган.

Ўзбекистон терма жамоасининг тарихдаги энг яхши натижаси 2006 йил ноябрь ойида қайд этилган 45-ўрин бўлиб қолмоқда. Рейтингдаги энг паст кўрсаткич эса 1996 йил ноябрида қайд этилган (119-ўрин).

Осиё терма жамоалари орасида Ўзбекистон бешинчи ўринда қолмоқда. Қитъада Япония (19-ўрин, 1 поғонага ёмонлашган), Эрон (20-ўрин), Жанубий Корея (22-ўрин, ўзгаришсиз) ва Австралия (27-ўрин, -1) етакчилик қилмоқда. Ўзбекистондан кейинги ўринларни Қатар (56-ўрин, -2), Ироқ (58-ўрин) ва Саудия Арабистони (61-ўрин, -1) эгаллаб турибди.