2025 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон аҳолиси ва бизнесининг кейинги 12 ойга мўлжалланган инфляцион кутилмалари кескин ошди, деб хабар беради Марказий банк сўров натижалари.
Ўтган ой натижаларига кўра, аҳолининг нарх кутилмалари 15,3% гача (+0,9 фоиз пункт январга нисбатан), тадбиркорларнинг эса 13,8% гача (+0,9 фоиз пункт) ошди. Бу ҳукуматнинг жорий йил учун расмий инфляция прогнозидан (7−8% доирасида) анча юқори.
Бу 2023 йил февралидан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич бўлиб, ўша пайтда энергетик инқироз ва аномал совуқ туфайли аҳолининг инфляцион кутилмалари 14,5% атрофида бўлган. Бизнес учун эса бу 2024 йил декабридан бери энг юқори кўрсаткич (13,9%).
Тошкентда келажакдаги инфляция борасида пессимистик кайфият сезиларли даражада кучайди. Январь ойида пойтахт аҳолиси инфляцияни 15,7% даражасида прогноз қилган бўлса, февралда бу кўрсаткич 19,1% гача ошди. Пойтахт аҳолиси орасида респондентларнинг ярмидан кўпи (55%) келгуси 12 ой ичида инфляцияни 17% ва ундан юқори бўлишини кутмоқда.
Тадбиркорларнинг кутилмалари ҳам ошиб, 16,2% дан 17,8% га етди.
Аҳоли орасида нархларнинг юқори суръатда ўсиши кутилган ҳудудлар қуйидагилардир:
- Тошкент вилояти — 18,1% (+2,4 фоиз пункт)
- Фарғона вилояти — 17,5% (+3,8 фоиз пункт)
- Самарқанд вилояти — 16,7% (+1,5 фоиз пункт)
Бизнес учун энг юқори инфляцион кутилмалар қуйидаги ҳудудларда қайд этилди:
- Фарғона вилояти — 15,1% (+3,2 фоиз пункт)
- Тошкент вилояти — 14,9% (+1,2 фоиз пункт)
- Наманган вилояти — 14,3% (+1,9 фоиз пункт)
- Навоий вилояти — 14,2% (+2,6 фоиз пункт)
Февраль ойидаги сўров натижаларига кўра, нархларнинг ошишидан аҳоли ва бизнеснинг асосий ташвиши коммунал хизматлар тарифлари бўлди. Ушбу омилни ўз кутилмаларида кўрсатган респондентлар улуши рекорд даражага етди — аҳоли орасида 63% (январда 57% эди), бизнес вакиллари орасида эса 58% (январда 54% эди).
Аҳоли орасида нарх ошишига сабаб бўлувчи бошқа омиллар сифатида қуйидагилар тилга олинди:
- Ёқилғи ва энергия ресурслари (электр, газ) нархининг ошиши — 52% (январда 50% эди)
- Валюта курси ўзгариши — 41% (46% эди)
- Монополиялар ва сунъий нарх ошиши — 32% (25% эди)
- Транспорт харажатларининг ошиши — 31% (30% эди)
- Асосий маҳсулотлар нархининг ошиши — 28% (26% эди)
- Иш ҳақи ва пенсиялар ошиши — 23% (22% эди)
Бизнес вакиллари учун нарх ошишига сабаб бўлувчи иккинчи омил сифатида ёқилғи ва энергия ресурслари қимматлашиши кўрсатилди — 50% респондентлар бу жавобни танлади (январда 49% эди). Валюта курси ўзгариши эса учинчи ўринга тушиб қолди — 43% (январда 51% эди). Шунингдек, қуйидаги омиллар қайд этилди:
- Транспорт харажатларининг ошиши — 34% (32% эди)
- Солиқ юкининг ортиши — 27% (24% эди)
- Хомашё нархининг ошиши — 27% (25% эди)
- Иш ҳақи ва пенсиялар ошиши — 22% (26% эди)
Инфляцион кутилмалар барча даромад гуруҳларида ёмонлашди.
Энг юқори даромадга эга аҳоли (ойига 15 млн сўмдан кўп даромад қилувчилар) орасида инфляцион кутилмалар 18,2% дан 20,4% гача ошди. 10−15 млн сўм даромадга эга респондентлар эса инфляцияни 17,2% даражасида кутмоқда (январда 16,1% эди).
7−10 млн сўм даромадга эга бўлганлар инфляцияни 16,6% даражасида прогноз қилмоқда (январда 16,3% эди).
2 млн сўмдан кам даромадга эга бўлган респондентлар келгуси 12 ой ичида нархлар 15% га ошишини кутмоқда (январда 13,6% эди), даромадсиз шахслар эса инфляцияни 14% деб баҳолаган (январда 13,8% эди).
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Марказий банки инфляцион кутилмаларнинг ошиши, юқори инфляцион босим ва барқарор талаб ўсиши сабабли асосий ставкани 13,5% дан 14% га кўтарган эди.
2025 йил 1 апрелдан электр энергияси учун базавий тариф (ойига 200 кВт·соат доирасида) яна 33,3% га ошади — 450 сўмдан 600 сўмга. Газ учун тариф эса 650 сўмдан 1000 сўмга (+53,8%) кўтарилади.
Маълумот
Инфляцион кутилмалар — бу одамлар, компаниялар ва иқтисодиёт иштирокчилари келажакда нархларнинг қандай ўзгаришини тасаввур қилишлари. Оддий қилиб айтганда, бу уларнинг 12 ойдан кейин товар ва хизматлар қанча қимматлашишини олдиндан тахмин қилишидир.
Агар сиз нархлар бир йилдан кейин 10% га ошишини кутсангиз, бу сизнинг инфляцион кутилмангиздир. Бизнес нархларнинг ўсишини кутиб, олдиндан маҳсулот ва хизматлар нархини ошириши мумкин, ходимлар эса келажакдаги харажатларини қоплаш учун иш ҳақининг оширилишини сўраши мумкин.
Инфляцион кутилмалар ҳақиқий иқтисодиётга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, агар одамлар нархлар ошишини кутса, улар олдиндан харид қилишни бошлайди, бу эса талабни ошириб, нархларнинг тезроқ ўсишига сабаб бўлиши мумкин. Компаниялар ҳам инфляцион кутилмаларни нархлар ва бюджетларга киритиши мумкин, бу эса иқтисодиётга таъсир қилади.