Фарзандларини калтаклаган отага нисбатан қийноққа солиш бўйича жиноий иш қўзғатилди

Ўзбекистон Болалар омбудсмани идораси ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога изоҳ берди. Видеода ота вояга етмаган фарзандларини шафқатсизларча калтаклагани акс этган.

Ҳодиса Жиззах вилоятида содир бўлгани, маҳаллий фуқаро оилавий можаро туфайли 2 нафар фарзандига тан жароҳати етказгани аниқланди.

Ички ишлар органлари ва Миллий ижтимоий ҳимоя агентлигининг «Инсон» маркази мутахассислари отани жавобгарликка тортиш, шунингдек, болаларни хавфсиз шароитлар билан таъминлаш ва уларга психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш устида ишламоқда.

Жиззах вилояти ИИБ болаларга нисбатан зўравонлик факти бўйича Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди (Қийноққа солиш) билан жиноий иш қўзғатганини маълум қилди.