Блогер Фарҳод Манноповга операция қилган отоларинголог оқланди

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида 2024 йил 29 ноябрдаги Учтепа туман судининг отоларинголог А.Х.га нисбатан блогер Фарҳод Маннопов (Mittivine) вафоти бўйича айблов ҳукмини 2025 йил 22 июль куни бекор қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 2 март куни Фарҳод Маннопов ўз блогида сузиш ҳавзасида чўмилаётганда бош ва бурнидан жароҳат олганини хабар қилган эди. Унга Star Med Center хусусий клиникасида операция қилинган, шундан сўнг 5 март куни у комага тушиб, вафот этган.

Унинг ўлими бўйича иш доирасида 2024 йил ноябрь ойида 2 шифокор – отоларинголог А.Х. ва анестезиолог-реаниматолог Ж.К. судланган эди. Улар Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (касбий вазифаларни лозим даражада бажармаслик, эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлимига сабаб бўлиш) бўйича айбдор деб топилган. Уларнинг ҳар бирига мутахассислиги бўйича ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

А.Х. айблов ҳукмини асоссиз деб ҳисоблаб, апелляция шикоятини киритган.

Ишни янгидан кўриб чиқиш давомида А.Х. ўз вазифаларини лозим даражада бажармагани ёки унинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги блогернинг ўлимига сабаб бўлгани аниқланмади.

Аниқланган ҳолатларга кўра, Маннопов хусусий клиникада стандартларга мувофиқ шифокор кўриги ва инструментал текширувлардан ўтган, дея изоҳ берди Олий суд.

Бундан ташқари, жиноят иши доирасида ўтказилган экспертиза хулосалари ва оториноларингология соҳасидаги экспертлар, жумладан, олий тоифали шифокорларнинг фикрларига кўра, беморда бош мия жароҳати, мия чайқалиши, бош мия лат ейиши ва бош суяги ички гематомалари каби шикастланишлар аниқланмаган.

«Шундай қилиб, риносептопластика операцияси Фарҳод Манноповнинг ўлимига сабаб бўла олмас эди, ўтказилган диагностика ва даволаш муолажалари тўғри амалга оширилган», — дея Олий суд апелляция эшитуви якунлари бўйича хулоса қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган иккита хизмат текшируви натижаларига кўра, А.Х.нинг даволаш ва бурун соҳасидаги жарроҳлик аралашуви давомидаги ҳаракатларида унинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин бўлган хатоликлар аниқланмаган.

Шундай қилиб, апелляция инстанцияси отоларингологни оқлади, чунки унинг қилмишида Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисмида (касбий вазифаларни лозим даражада бажармаслик, эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлимига сабаб бўлиш) назарда тутилган жиноят таркиби йўқ деган хулосага келди.

Суд қарорида блогер учун ўлимга олиб келган операциянинг баъзи тафсилотлари келтирилган. Жумладан, анестезиолог-реаниматолог шифокор Ж.К. беморнинг тўлиқ анамнезини йиғмаган, аллергик хавфлар бор ёки йўқлигини текширмаган, кардиолог тавсияларини олмаган, бироқ анестезия ўтказишга рухсат берган.

У бош мия жароҳатларида мумкин бўлмаган «Севофлуран» газ наркозини қўллаган. Бундан ташқари, анестезиолог беморнинг тана ҳароратини ўлчамаган ва операция вақтида унинг ҳолатини эътиборсиз қолдиришда давом этиб, бепарволикка йўл қўйган, дейилади суд қарорида.

Суд тергови маълумотларига кўра, операция вақтида анестезиолог операция жараёнлари билан боғлиқ бўлмаган телефон суҳбатларига чалғиган ва беморнинг тана ҳарорати кўтарилганини ўз вақтида пайқамаган. Наркоз аллақачон юқори ҳароратда қўлланилгани сабабли, организмда метаболик ўзгаришлар бошланган. Соат 16:30 да беморнинг юраги биринчи марта тўхтаган, у комага тушган.

Кейин юрак 2 марта тўхтаган. Ҳушига келмаган ёш йигит 2023 йил 5 март куни соат 3:20 да худди шу клиникада ўткир юрак-ўпка, буйрак ва жигар етишмовчилиги, ДВС-синдроми, мия ва ўпка шиши (полиорган етишмовчилик) сабабли вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аввалроқ Манноповга тиббий хизмат кўрсатишда хусусий клиникаларга қўйиладиган бир қатор лицензия талаблари бузилганини хабар қилганди.

Хусусан, анестезиолог-реаниматолог Ж.К. тахминан малака тоифасига эга бўлмаган, яъни тоифасини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этмаган. Клиника шунингдек, пластик жарроҳ Э.А.га тиббий хизматлар кўрсатишга рухсат берган, гарчи у ҳам малака тоифасига эга бўлмаган.

2023 йил июнь ойида суд қарори билан Star Med Center клиникаси (Omad plyus МЧЖ) лицензиясининг амал қилиши тугатилган.